Суперлиганинг 20-туридан ўрин олган «Андижон» – «Пахтакор» (2:6) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, бугунги мағлубият жамоа учун аламли бўлса-да, айни пайтда катта дарс вазифасини ҳам ўтаб берди.
«Голлар жуда кулгили эди»
Шацких учрашувнинг биринчи бўлими ҳақида шундай деди:
— Нима дейишни ҳам билмайман. Биринчи таймда ўтказган голларимизни кўрдиларинг. Жуда кулгили ҳолатлар. Агар бизда ҳам ҳеч бўлмаса шундай биттаси бўлганида, ўзимни бахтиёр ҳис қилган бўлардим. Иккинчи таймда вазиятни тузатишга уриндик, аммо охирги дақиқаларда яна учта гол қабул қилиб олдик. Ҳақиқат шу.
«Бизга фақат вақт керак»
Журналистлар жамоада нималарни ўзгартириш кераклиги ҳақида савол берганида, мураббий жавоб берди:
— Бизга энг кераклиси — вақт. Икки-уч ойда янги жамоа тузиб бўлмайди. Сафимизга кўплаб янги футболчилар келди, улар бир бутун жамоа бўлиб кетиши учун вақт талаб қилинади. Энг асосийси — руҳият. Футболчи қаерда ўйнагани муҳим эмас, ҳозирги ҳолатга қараш зарур. Агар вақт бериладиган бўлса, бундан бутунлай бошқача жамоа шаклланади.
«Ҳар бир мағлубиятнинг сабаби бор»
Иккинчи давра бошланганидан бери «Андижон» бешта баҳс ўтказиб, атиги тўрт очко жамғарди. Бу ҳақда изоҳ берган Шацких қўшимча қилди:
— Ҳар бир мағлубиятимизни таҳлил қилиб кўрсангиз, сабабларини топасиз. «Навбаҳор», «Машъал», эндиликда «Пахтакор» — уларнинг имкониятлари юқори. Масалан, «Пахтакор» таркибида индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар тўпланган. Биз эса жамоавий ўйинга таянамиз. Аммо биринчи учта голга эътибор беринг, ҳатто болалар футболида ҳам бундай хатоларга йўл қўйилмайди. Шундай бўлса-да, бугунги беллашув биз учун катта дарс бўлди. Кейинги ўйинларда ким асосийда тушиши, ким захирада қолиши бўйича хулоса чиқардик.
«Эржан бир неча бор жамоани қутқарган»
Мураббийдан олтита гол киритилган ўйинда посбон Эржан Токотаевнинг ўйини ҳақида ҳам сўрашди. Шацких шундай жавоб берди:
— Эржан бир неча марта жамоамизни қутқарган. Унинг хатоларини албатта дарвозабонлар мураббийи билан бирга таҳлил қиламиз.
«Бундай ўйинлар ким қандай эканини кўрсатади»
Ҳимоячилар ўйини ҳақида фикр билдирган мураббий қўшимча қилди:
— Бугун Алтин Крезиуни марказда синаб кўрдик. Абдураҳмон Комилов ҳам майдонга тушди. Бир гапни очиқ айтаман: жамоамизда «Андижон» даражасига мос келмайдиган футболчилар бор. Аммо улар ўзларини клубга муносиб деб ҳисоблайди. Бу эса энг ёмон ҳолат. Шундай ўйинлар эса ҳақиқий юзни кўрсатади. Афсуски, бизда ҳаммасини дарҳол ўзгартириш имкони йўқ. Ҳаммаси вақт билан ҳал бўлади.
Шацких сўзларини хулоса қилиб, жамоа бугун олинган сабоқлар орқали кейинги баҳсларда кучлироқ ўйин намойиш қилишига ишонч билдирди.
Манба: Championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!