“Реал Мадрид” таркибидаги бразилиялик ҳужумчи Родриго ҳақида кутилмаган хабар тарқалди. Нуфузли The Athletic нашри ёзганига кўра, ёш юлдуз ниҳоят Мадриддан кетишга қарор қилган ва ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунга қадар жамоани тарк этиш ниятида.
Журналист Марио Кортеганнинг маълумотича, 24 ёшли футболчи ўз агентларига янги клуб топиш вазифасини топширган. Бу қарорга унинг сўнгги мавсумларда асосий таркибдаги ўрни сезиларли даражада қисқариб бориши сабаб бўлган.
Маълумки, ўтган ёзда Килиан Мбаппенинг келиши Родриго Гоэснинг имкониятларига жиддий таъсир этди. Карло Анчелотти қўл остида ҳам, жамоа навбатдаги мураббийи Хаби Алонсо даврида ҳам у асосий қаҳрамон сифатида кўрилмаяпти. Шу боис футболчи ўз карьерасида янги саҳифа очишга бел боғлади.
Родриго ҳозирда мадридликлар билан яна уч йиллик шартномага эга. Бироқ унинг хизматларига асосан Англия Премьер-лигасининг етакчи клублари қизиқиш билдирмоқда. Айни пайтда агентлари футболчи учун энг мақбул ва келажакни таъминлайдиган вариантларни тақдим этиши кутилмоқда.
Муттахассислар фикрича, Родриго Европа топ-клубларидан бирида янги имкониятларга эга бўлиб, ўз салоҳиятини янада ёрқин намоён қилиши мумкин. Мадриддан кетиш қарори эса унинг карьерасида янги йўналишни бошлаб бериши эҳтимолдан холи эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!