Ўзбекистон спорт жамоатчилиги учун кутилмаган ва нохуш хабар тарқалди. ЎзАнинг ёзишича, мамлакатимиз гандбол терма жамоаси нуфузли Осиё чемпионатидаги иштирокини тўхтатишга мажбур бўлди.
Маълумотларга кўра, ҳал қилувчи баҳслар старт олишига бир кун қолганда терма жамоамизнинг гуруҳ босқичида қайд этган барча натижалари расман бекор қилинди.
Осиё гандбол федерацияси чиқарган қарорда айтилишича, терма жамоамиз таркибидаги бир қатор ўйинчиларнинг расмий ҳужжатларида ноаниқликлар ва номутаносибликлар аниқланган. Шу боисдан қўлга киритилган натижалар амалдан чиқарилиши ҳақида қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон гандбол федерацияси эса ушбу ҳолатни ноодатий ва адолатсиз қарор сифатида баҳолаб, масала юзасидан Халқаро гандбол федерациясига расмий апелляция хатини йўллагани маълум қилинди.
Мутахассислар фикрича, мазкур воқеа нафақат миллий жамоа, балки бутун мамлакат спорт ҳаёти учун катта синов бўлди. Мухлислар эса федерациянинг апелляциядан қай даражада ижобий натижа олишига катта қизиқиш билан назар ташламоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон гандбол терма жамоаси атрофидаги вазият чемпионатнинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуларидан бирига айланди. Халқаро федерация қарори эса яқин кунларда аниқлик киритиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!