Истанбулнинг «Башакшеҳир» клуби мавсум бошидаги қониқарсиз натижалардан кейин жиддий қарор қабул қилди. Раҳбарият жамоа устози Чағдаш Атан билан йўлларни ажратишга қарор қилганини маълум қилди.
Туркия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев тўп сураётган мазкур жамоага янги бош мураббий сифатида Нури Шаҳин тайинланиши эҳтимолдан холи эмас.
Маълумот учун, Чағдаш Атан «Башакшеҳир»да фаолият юритган муддат ичида жамоаси билан 47 бор ғалаба қозонди, 22 марта дурангга имзо чекиб, 29 маротаба мағлубиятга учради. Шунга қарамай, бу мавсумда клуб Европа Конференциялар лигасида саралаш босқичидан ўта олмади. Шунингдек, Туркия Суперлигасида ҳам дастлабки икки ўйин кутилган натижа бермай, иккаласи ҳам дуранг билан якунланди.
Маҳаллий спорт экспертлари фикрича, янги мураббий тайинланиши «Башакшеҳир» учун янги босқични бошлаб бериши мумкин. Шу боис, Нури Шаҳин номзоди жамоа атрофида кўп муҳокама қилинмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!