Англиянинг Ливерпул шаҳрида якунланган Жаҳон чемпионати 2025 финал кунлари ҳақиқий спорт байрамига айланди. Олтин медаллар тақдири, айниқса оғир вазнлилар баҳслари, нафақат индивидуал ғолибларни, балки умумжамоавий ҳисобда ҳам ғолиб давлатни аниқлаб берди. Шу боис, суперфинал мақоми берилган баҳслар катта аҳамият касб этди.
Биринчи дақиқаларданоқ қизғин кечган Жаҳонгир Зокиров ва қозоғистонлик Ойбек Оралбай ўртасидаги баҳс спорт аҳли учун триллерга айланди. Зокиров дастлабки икки раундда устунликка эришди. Бироқ учинчи раундда чарчоқ таъсирида унчалик фаол ҳаракат қилолмади. Ҳаваскор боксда очколар раундлар кесимида эмас, умумий ҳисобда белгилангани сабабли ҳакамлар устунликни қозоқ спортчисига бериб, ғалабани Оралбайга топширишди.
Ўзбекистон чармқўлқоп усталарининг қийин дақиқалари
Афсуски, ҳал қилувчи икки финалда ҳам ўзбек боксчилари сўнгги раундларда ютуқни бой бериб қўйишди. Навбаҳор Ҳамидова биринчи икки раундда устун келган бўлса-да, 3-раундда огоҳлантириш олиб, ғалабани қозоғистонлик Аида Абикеевга бой берди. Хўш, энг оғир вазн тоифасида ҳам худди шу сценарий такрорланди – Жаҳонгир Зокиров финалнинг ҳал қилувчи дақиқаларида Оралбайга имконият бериб қўйди.
Натижада Қозоғистон терма жамоаси ўзининг 7-олтин медалига эга чиқди. Бу ҳолат уларни умумжамоавий ҳисобда пешқадам қилиб қўйди.
Умумий медаллар тақсимоти
Шундай қилиб, Ўзбекистон делегацияси Жаҳон чемпионатида 6та олтин билан чекланди. Умумий ҳисобда эса бизникилар энг кўп медал эгаларига айланишди – 11та медал: 6 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза. Шу ўринда Тўлқин Қиличев ва Элшод Расуловнинг терма жамоа тайёргарлигидаги меҳнатини алоҳида қайд этиш лозим.
Қозоғистон эса 7 олтин билан биринчи ўринни эгаллади. Айтиш керакки, уларнинг айрим медаллари баҳсли вазиятларда топширилганини кўпчилик тилга олмоқда. Хусусан, Наталя Богданова австралиялик рақиби қаршисида мағлубиятга учраб турган пайтда ҳакам огоҳлантириш бериб, ғалабани қозоқ спортчига топширгани катта баҳсларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон қаҳрамонлари
Турнир давомида бир қатор ёш ва тажрибали боксчиларимиз терма жамоага олтин медаллар тақдим этишди:
-
Фазлиддин Эркинбоев (75 кг) — Болгариялик Киван Рамини 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
-
Асадхўжа Мўйдинхўжаев (65 кг) — Бразилиялик Юри Реис устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
-
Жавоҳир Умматалиев (80 кг) — Франциялик Йожерлен Сезарга қарши 5:0 ҳисобида зафар қучди.
-
Тўрабек Ҳабибуллаев (90 кг) — Бразилиялик Исаиас Рибейрони 5:0 ҳисобида енгди.
-
Абдумалик Халоков (60 кг) — Бразилиялик Луиз Оливейрани 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
-
Акмалжон Исроилов (85 кг) — Англиялик Теагн Стоттни 5:0 ҳисобида ортда қолдирди.
Бундан ташқари, аёллар ўртасида Навбаҳор Ҳамидова 1 кумушни, Жаҳонгир Зокиров эса оғир вазнда 2-кумушни қўлга киритди. Шунингдек, 3 та бронза медали ҳам юртимиз ҳисобига ёзилди.
Хулоса
Ливерпулдаги жаҳон чемпионати Ўзбекистон боксининг жаҳон саҳнасидаги нуфузини яна бир бор кўрсатди. Олтинлар сонида Қозоғистондан ортда қолган бўлсак-да, умумий медаллар сони бўйича терма жамоамиз барча рақиблардан устун чиқди. Бу эса келгуси турнирларда ғалабаларни кўпайтириш ва рақиблардан устунлик қилиш учун катта туртки бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!