Мексикалик ёш боксчи, “РафаГита” лақаби билан танилган 21 ёшли Хесус Иван Меркадо Кабрера фожиали тарзда ҳалок бўлгани маълум бўлди. Унинг жасади 15 сентябрь куни эрталаб йўл бўйидаги ариқдан топилган.
Ҳокимият вакилларининг айтишича, спортчининг танаси чойшабга ўралган ва махсус ленталар билан боғланган ҳолда аниқланган. Шу боис ҳодиса жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Боксчининг оиласи унинг йўқолганини уч кун олдин расмий равишда билдирган эди. Терговчилар унинг шахсини танадаги татуировкалари орқали аниқлашди. Ҳозирча ташқи зўравонлик аломатлари топилмаган, аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари бошқа муҳим далилларни қайд этган. Сонора штати бош прокуратураси ҳодиса юзасидан тергов ишларини бошлади.
Маълумот учун, Хесус Иван Меркадо 2021 йил сентябрь ойида профессионал рингда дебют қилган эди. Унинг ҳисобида 17 жанг мавжуд: 7 та ғалаба, 9 та мағлубият ва 1 та дуранг. Ёш бўлишига қарамай, у маҳаллий бокс мухлислари орасида танилган спортчи сифатида эътибор қозонган эди.
Бу фожиа Мексикада спортчилар хавфсизлиги масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Жамоатчилик боксчининг ўлими сабаблари ҳақида аниқ маълумот олишни кутаётгани айтилаяпти.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!