"Манчестер Юнайтед" ҳимоячиси Харри Магуайр сўнгги пайтларда жамоа ўйин услубига қаратилган салбий фикрларга муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, жамоанинг натижалари ўйин тизимидан кўра футболчиларнинг ижросига боғлиқ.
"Аслида системани танқид қилиш осон, чунки биз сўнгги учрашувларда ғалаба қозона олмаяпмиз. Баъзан бизда барқарор схема йўқдек кўринади. Лекин кўп ҳолатларда майдонда тўртта ҳимоячи билан ҳаракат қиламиз", – деди англиялик футболчи.
Магуайр жамоага янги бош мураббий Рубен Аморим келганидан сўнг футболчиларда ижобий ўзгаришлар сезилаётганини ҳам таъкидлади. "Мураббий Аморим иш бошлаганидан бери биз ундан мамнунмиз. Албатта, тизимни жорий этиш осон, аммо унинг самараси тўлиқ футболчиларнинг ижросига боғлиқ. Агар сен юқори савиядаги ўйинчи бўлсанг, ҳар қандай услубда тўп суришга мослаша оласан", – дея қўшимча қилди у.
Айни пайтда "Манчестер Юнайтед" жамоаси Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида пастки поғоналардан бирида жойлашиб турибди. Жамоа учун келгуси турлардаги натижалар катта аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!