Каталониянинг машҳур клуби «Барселона» ижара асосида сафида ҳаракат қилаётган инглиз ҳужумкор яримҳимоячиси Маркус Рэшфордни тўлиқ сотиб олиш ниятида. TBR Football тарқатган маълумотларга кўра, «блауграна» қишки трансфер ойида уни «Манчестер Юнайтед»дан 23 миллион еврога қўлга киритишни режалаштирмоқда.
Манбаларнинг айтишича, мавсум якунларида футболчини 26 миллион фунт стерлинг (яъни тахминан 29,9 миллион евро) эвазига сотиб олиш имкони ҳам бор. Бироқ каталонияликлар йил охирини кутмай, трансферни арзонроқ нархда амалга оширишни маъқул кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ёзги трансферлар вақтида «Барселона» Рэшфордни ижара асосида ўз сафида кўрди. У ҳозиргача каталон жамоаси таркибида 5 та баҳсда майдонга тушиб, 2 та гол уриш ва 1 та ассист билан ёрқин ўйин кўрсата олди.
Маҳаллий ОАВ таъкидлашича, Англия терма жамоаси ҳужумчисининг ҳаракатларидан «Барса» мураббийлар штаби мамнун. Унинг универсал ўйин услуби ҳамда ҳужумдаги самарадорлиги клубни тезкор қарор қабул қилишга ундамоқда.
Шу билан бирга, «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти трансферга рози бўлиш масаласини кўриб чиқмоқда. Чунки жамоа айни пайтда янги таркиб қуриш жараёнида ва катта маблағ зарур.
Ҳозирги вазиятга кўра, келаётган январ ойида Рэшфорд трансфери Европадаги энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!