Қозоғистон футболи тарихида муҳим саҳифалардан бирига айланиши мумкин бўлган учрашув арафасида “Қайрат”нинг ёш ва иқтидорли посбони Шерхан Калмурза журналистлар билан суҳбатда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
18 ёшли дарвозабоннинг таъкидлашича, Чемпионлар Лигасининг 2-туридан ўрин олган “Реал”га қарши беллашув нафақат клуб, балки бутун мамлакат шарафи учун жуда катта аҳамиятга эга.
— Бу ўйин биз учун улкан масъулият ҳисобланади. Чунки биз нафақат “Қайрат” шарафини, балки Қозоғистоннинг номини ҳам ҳимоя қиламиз. Ўйлайманки, бутун МДҲдаги футбол мухлислари бизга қўллаб-қувватлов кўрсатади. Биз эса ўз навбатида Қозоғистонда ҳам истеъдодли футболчилар етишиб чиқишини, футболимиз эътибор ва ҳурматга арзишини намойиш этишимиз шарт. Рақибнинг мақоми қай даражада юқори бўлмасин, асосийси – ўз услубимиз ва ўйинимизни кўрсата олишимиздир, — деди ёш посбон.
Шерхан Калмурза жамоада Александр Заруцкий ва Темирлан Анарбеков турли жароҳатлар сабаб майдонга чиқолмай қолганидан кейин асосий таркиб дарвозабонига айланди. Йигитнинг жасорати ва ўз ишига бўлган иштиёқи мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, “Қайрат” ва “Реал” ўртасидаги бу учрашув Олмаотадаги “Марказий” стадионда 30 сентябрь куни бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 21:45 да старт олади.
Мухлислар ёш посбоннинг “Реал”дек жаҳон гигантига қарши қай даражада ўйнашини катта қизиқиш билан кутмоқда. Шерхан эса бу имкониятдан фойдаланиб, ўзини катта саҳнада намойиш қилиш ниятида.