Суперлига 25-туридан ўрин олган “Андижон” — “Шўртан” (4:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида жамоа ўйини ҳақида фикр билдирди.
Унинг айтишича, учрашувнинг бошидаги тезкор гол жамоага таъсир қилган ва ўйин ритмини топиш қийин кечган:
“Ўйин ҳақида нима дейман? Дастлабки дақиқалардаёқ гол ўтказиб юбордик. ‘Андижон’нинг энг катта кучи — бу унинг мухлислари. Биз футболчиларга ўйин бошидаги босимга тайёр бўлишни айтиб ўтгандик, аммо афсуски, уларга етарли даражада бардош бера олмадик. Кейинроқ вазиятни тўғрилашга уриндик, бир неча хавфли ҳужумлар яратдик. Лекин ҳимояда жуда кўп хатоларга йўл қўйдик. Шунга қарамай, жамоа 3 та гол урди. Агар ҳимояда ишончлироқ ҳаракат қилганимизда, натижа бошқача бўларди,” — деди мураббий.
Алиқулов иккита эрта амалга оширилган алмашув ҳақида ҳам изоҳ берди:
“Ҳимоячилар ўйинга киришиб кета олмади. Ҳужумда ҳам ишонч етишмади. Шунинг учун эрта алмашув қилишга мажбур бўлдик. Бизга фақат ғалаба керак эди, шу сабаб хавфни кўзга илмай олдинги чизиқни кучайтиришга қарор қилдик.”
Мураббий Аброр Тошқўзиев ва Жасур Ҳакимовни иккинчи бўлимда майдонга тушириш сабабини шундай изоҳлади:
“Бу, асосан, футболчиларнинг жисмоний ҳолатига боғлиқ эди. Аброрни қанотга, Жасурни эса ҳужум марказига қўйдик. Иккита ҳужумчи билан қанотлар орқали фаолликни оширишни мақсад қилгандик, лекин бу ўзгаришлар ҳам кутилган самарани бермади.”
“Шўртан”нинг Суперлигада қолиш имкониятлари ҳақида сўралганда эса Алиқулов очиқ гапирди:
“Ҳозирги вазиятда имкониятимиз жуда оз. Лекин бизда танлов йўқ — ҳар бир ўйинга ғалаба учун тушамиз. Дуранг учун эмас, фақат ғалаба учун курашамиз. Ҳимояда хатолар кўп, аммо ҳужумда кучни оширдик. Бу услуб биз учун хавфли, лекин бошқа йўл қолмаган.”
Белгиланган пеналтилар борасида мураббий шундай деди:
“Ҳозир бу ҳақда ҳеч нима деёлмайман. ВАР орқали кўрилди, қарорни ҳакамлар қабул қилди. Бизда ҳам баҳсли вазиятлар бўлди, лекин пеналти берилмади. Эътироз йўқ.”
Асрор Алиқуловнинг сўзларидан маълум бўлишича, “Шўртан” жамоаси ҳар қандай шароитда ҳам таслим бўлмайди ва сўнгги тургача курашни давом эттиради.
Бу баҳсда “Андижон” мухлислари ўз жамоасини ғалабага етаклаган бўлса-да, “Шўртан”нинг охирги дақиқаларгача бўлган жасорати ҳам алоҳида эътирофга лойиқ бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!