Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоаси УЕФА Чемпионлар лигаси учинчи турида Кипрнинг “Пафос” клубини қабул қилди. Учрашув Олмаотадаги “Марказий стадион”да бўлиб ўтди.
Баҳс 0:0 ҳисобида якунланди ва “Қайрат” мусобақадаги илк очкосини қўлга киритди, “Пафос” эса иккинчи очкосини олди.
Учрашувнинг тўртинчи дақиқасидаёқ “Пафос” футболчиси Жоау Корреяга қизил карточка кўрсатилди. У майдон марказида тўпга зарба беришга ҳаракат қилганида, рақиби Луиш Матче бошига тепиб юборди.
Рақиблар сон жиҳатидан устунликка эга бўлди, бироқ “Қайрат” бу устунликдан фойдалана олмади. Биринчи бўлимда “Пафос” ҳужумчиси Домингуш Кина дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди, бироқ унинг зарбасини “Қайрат” посбони қайтарди.
Иккинчи бўлимда Мислав Оршич ва Давит Луис хавфли вазиятлар яратди, бироқ ҳар сафар дарвозабонлар ўз дарвозаларини сақлаб қолди. “Қайрат” футболчиси Георгий Зария ҳам 13 метрдан кучли зарба йўллади, лекин яна дарвозабон ўзини кўрсатди.
Ўйинда яна бир неча хавфли вазиятлар юзага келди. “Пафос” футболчиси Влад Драгомир кучли зарба йўллаб, тўп дарвоза устунига тегди ва ундан дарвозабонга урилди, бироқ ҳакам офсайд туфайли голни ҳисобга олмади.
Офри Арад ва Дастан Сатпаев ҳам ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Учрашув натижасига кўра, “Қайрат” Чемпионлар лигасида биринчи очкосини қўлга киритди.
“Қайрат” кўпчиликда ўйнаб, “Пафос”га гол ура олмади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар