
ФИФА кунлари доирасида БААда ўтказилаётган «Ал-Айн Кубоги» яна бир қизғин баҳсларга бой мусобақага айланди. Дастлабки ярим финалда Эрон миллий жамоаси ЖЧ-2026 қатнашчиси Кабо-Вердени асосий вақтдаги 0:0 ҳисобидан кейин пенальтилар сериясида (5:4) мағлуб этиб, финалга йўл олишга муваффақ бўлди.
Шу ўринда форслар бош мураббийи Амир Ғаленойи учрашувдан кейинги матбуот анжуманида нафақат ўйин ҳақида тўхталиб ўтди, балки финалда қайси жамоага қарши баҳс олиб боришни исташини ҳам очиқ билдирди. Унинг айтишича, бу турнирдaги натижа асосий мақсад эмас, чунки жамоа мутлақо бошқа — Жаҳон чемпионатига тайёргарлик йўналишида иш олиб бормоқда.
Амир Ғаленойи таъкидлаганидек, Эрон асосий таркибнинг бир қатор етакчиларисиз майдонга тушганига қарамай, жамоа тактик жиҳатдан жуда фойдали машғулот олди. У, хусусан, Сардор Озмун, Меҳди Ғоедий, Али Голезода, Алиризо Жаҳонбахш каби муҳим ўйинчиларнинг йўқлиги жамоага маълум қийинчиликлар туғдираётганини эътироф этди.
«Жаҳон чемпионатига йўлланма олган жамоа устидан ғалаба қозонганимиз, албатта, хурсанд қилади. Лекин шунга қарамай, бу турнирдаги ютуқ ёки мағлубиятнинг аҳамияти катта эмас. Азиз дўстлар, шуни яхши тушунишимиз керакки, бу баҳслар бизнинг кучли ва заиф томонларимиз қай ерда эканини кўрсатиб беради. Биз учун энг муҳими — ўрганиш ва тайёргарлик», — деди Ғаленойи.
Куни кеча журналистлар томонидан финалда қайси жамоага қарши ўйнашни исташи ҳақида берилган саволга эса мураббий шундай жавоб қайтарди:
«Эртага Ўзбекистон ва Миср ўйинини атрофлича таҳлил қиламиз. Иккиси ҳам кучли рақиблар. Ўзбекистон — жуда яхши таркибга эга, ҳар қандай жамоага қарши муносиб ўйин кўрсата олади. Бироқ, агар финалда қайси жамоага қарши ўйнашни истайсизлар десангиз, мен Мисрни танлардим. Босим остидаги ўйинлар биз учун жуда муҳим — улар орқали қайси жиҳатларимизни яхшилашимиз кераклигини аниқ кўрамиз».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Миср учрашуви 14 ноябр куни Ал-Айндаги «Hazza bin Zayd» стадионида соат 21:00да старт олади. Мазкур баҳс ғолиби финалда Эронга қарши майдонга тушади, мағлуб жамоа эса 3-ўрин учун Кабо-Верде билан кураш олиб боради.
Мусобақа тобора қизимоқда. Энди барча нигоҳлар Ўзбекистон – Миср учрашувига қаратилган — форсларнинг финалдаги рақиби айнан шу баҳсда аниқланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.