date

Родриго голи Реалга «Алавес» устидан қийин ғалабани келтирди


Испания чемпионати Ла Лиганинг 16-тури доирасида 14 декабр куни «Мендисорроса» стадионида «Алавес» ва «Реал» ўзаро баҳс олиб борди. Мадрид клуби 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашув арафасида «Реал» оғир ҳолатда эди: кетма-кет икки мағлубият, жамоа атрофидаги шов-шувлар, етакчиларнинг формаси пасайгани ва жароҳатлар кўплиги испан гранди имкониятларини чеклаб қўйди. Трент, Камавинга, Карвахал, Алаба, Милитао ва Менди жароҳат сабаб майдонга туша олмади.

Каррерас, Эндрик ва Фран дисквалификация қилинди. Рюдигер, Вальверде ҳамда Мбаппе эса асосий таркибда ўйнаган бўлса-да, тўлиқ соғаймаган ҳолда майдонга тушди.

«Реал» сафида Виктор Вальдепеньяс асосий таркибдаги илк ўйинини ўтказди. Бироқ ўйин қаҳрамони бўлиш вазифаси бошқаларга насиб этди.

Майдон марказидаги зич кураш фонида тезлик ва бўш ҳудуд топиш борасида айниқса Килиан Мбаппе кўзга ташланди. Дастлаб у дарвоза ёнидан аниқ зарба бера олмади, бироқ биринчи бўлим ўртасида ҳисобни очди.

Рюдигер тўпни подкатда қайтариб, Беллингемга узатди. Жуд чап қанотга пас берди, Мбаппе эса жарима майдони яқинида марказга силжиб, жарима майдони ёйи атрофидан аниқ зарба йўллади — 0:1.

Кўп ўтмай «Реал» иккинчи бор ҳам дарвозани ишғол қилди, аммо гол бекор қилинди. Беллингем бурчак тўпидан кейинги вазиятда зарба беришдан олдин тўп қўлига текканини ўзи ҳам сезди ва эпизод қоида бузилиши сифатида қайд этилди.

Шундан сўнг «Алавес» аста-секин ўзига келди: стандарт вазиятларни кўпайтирди, «Реал»ни мудофаада кўпроқ ишлашга мажбур қилди. Ўйин узоқ вақт хавфли вазиятларга бой бўлмади.

«Реал»дан Винисиус жарима майдони чизиғидан зарба берган эпизодда дарвозабон сейв амалга оширди, холос. 67-дақиқада мезбонлар уч нафар футболчини бирдан майдонга туширди ва ўзгариш дарҳол самара берди.

Орадан бир дақиқа ўтиб, Антонио Бланконинг ўз майдонидан берган ажойиб узатмасидан кейин Карлос Висенте офсайд чизиғини ушлаб қолди, Рюдигерни ортда қолдирди ва аниқ зарба билан ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Дастлаб ҳакамлар офсайд қайд этгандек бўлди, аммо такрорий лавҳа голнинг тоза эканини кўрсатди.

«Реал» дарҳол ўзига келмади. Ҳатто Тони Мартинесда яхши имконият бўлди, бироқ у Висентенинг қулай узатмасидан фойдалана олмади.

Шундан кейин мадридликлар босими аста-секин кучайди ва якунда ғалаба голи урилди. Винисиус чап қанотдан тезликда ўтиб, танаси билан ҳимоячини тўсди ва пастдан аниқ узатма берди.

Родриго эса йиқилган ҳолда тўпни дарвозага йўналтирди — 1:2. Родриго бунгача 30 дан ортиқ ўйинда гол ура олмаганди, энди эса кетма-кет икки учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Бу сафар унинг голи «Реал»га уч очкони тақдим этди. Натижада «қироллик клуби» «Алавес»ни катта қийинчилик билан таслим этди ва «Барселона»ни қувиб боришни давом эттирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Родриго голи Реалга «Алавес» устидан қийин ғалабани келтирди