
«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия чемпионлиги учун кураш тобора қизиб бораётган бир пайтда жамоасининг ҳозирги ҳолати ва мақсадлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Маълумки, айни пайтда «шаҳарликлар» АПЛ турнир жадвалида пешқадам "Арсенал"дан икки очко ортда қолиб, иккинчи поғонада жойлашган. Бироқ Гвардиола бу вазиятни фожеа сифатида қабул қилмаётганини очиқ айтди.
«Албатта, ҳаммадан 10 очко олдинда бўлишни истардим. Лекин реал ҳолат ҳозир шундай. “Арсенал” жуда юқори даражада ўйнамоқда, буни тан олиш керак. Шунга қарамай, биз чемпионлик курашидан чиқиб кетганимиз йўқ. Ҳозир фақат декабрь ойининг охири, мавсум эса жуда узун», — деди мутахассис.
Испаниялик мураббий жамоанинг барча фронтларда рақобатбардош эканини ҳам алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «Манчестер Сити» Чемпионлар лигасида ҳам юқори ўринлар учун курашмоқда, Лига кубогида ярим финалга етиб келган ва яқин орада Англия кубогида ҳам ўз йўлини бошлайди.
«Энг муҳими, асосий футболчиларимиз аста-секин сафга қайтяпти. Шу сабабли биз шошилмасдан, босқичма-босқич олдинга ҳаракат қиламиз», — дея хулоса қилди Гвардиола.
Бу баёнот «Манчестер Сити»нинг мавсум охирига қадар чемпионлик учун жиддий рақобатчи бўлиб қолишини яна бир бор тасдиқлаб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.