date

Ўзбекистон—Хитой ўйини олдидан Ҳайдаров қатъий баёнот берди

Ўзбекистон—Хитой ўйини олдидан Ҳайдаров қатъий баёнот берди

U-23 Осиё кубоги чорак финал баҳслари арафасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ҳамда футболчимиз Сардорбек Баҳромов қатнашиб, Хитойга қарши ўтадиган ҳал қилувчи тўқнашув олдидан кайфият ва тайёргарлик жараёни ҳақида фикр билдирди.

Равшан Ҳайдаров аввало гуруҳ босқичидаги вазифа бажарилганини таъкидлаб, плей-оффга чиққан барча жамоаларни табриклади. Унинг айтишича, энди олдинда мақсадлар йўлидаги энг муҳим ўйин — Хитой билан баҳс турибди.

“Ассалому алайкум, ҳаммага хайрли кун. Олдимизга қўйилган биринчи вазифани уддалаганимиздан хурсандмиз. Эртага, Хитой билан мақсадларимиз йўлидаги энг муҳим ўйин бўлиб ўтади. Тикланиш жараёнларини яхши ташкил қилдик, рақибнинг учрашувларини таҳлил қилиб, етарлича ўргандик. Жамоамиз беллашувга тайёр”, — деди бош мураббий.

Жидда ҳавоси ва тикланиш: “мослашдик, таъсири бўлмайди”

Терма жамоамиз Ар-Риёддан Жиддага йўл олгани, бу ерда ҳаво бироз иссиқроқ экани ҳам тилга олинди. Аммо Ҳайдаров бу ҳолат жамоа учун муаммо бўлмаслигини аниқ айтди.

“Ар-Риёддан Жиддага учиб ўтдик. Ҳаво сал иссиқроқ, лекин мослашиб олдик. Фарқи жуда катта эмас. Бу жамоамизга таъсир қилмайди”, — деди у.

“Бир кун кўп дам олдик”, аммо…

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Хитойга нисбатан бир кун кўпроқ дам олгани ҳақида савол ҳам бўлди. Ҳайдаров буни шартли устунлик деб баҳолади: вақтнинг бир қисми йўлга кетган бўлса-да, тикланиш режалари тўлиқ бажарилган.

“Ҳа, Хитойдан бир кун олдин ўйнадик. Лекин ўша куннинг ўзи ҳам учиб ўтишга кетди. Шунга қарамай, тикланиш бўйича барча режаларимизни бажардик. Ҳамма керакли ишлар қилинди”, — деди мураббий.

Шу билан бирга, таркиб бўйича ҳам муҳим янгилик айтилди: жамоада деярли барча футболчилар ўйинга шай. Фақат битта йўқотиш бор — Ибраимов икки сариқ карточка сабаб эртанги баҳсни ўтказиб юборади.

“Битта ўйинчидан ташқари, ҳамма жанговор ҳолатда. Ибраимов икки сариқ олгани учун эртанги ўйинни ўтказиб юборади”, — дея аниқлик киритди Ҳайдаров.

Хитой ҳақида баҳолаш: “тартибли, ҳурматга сазовор жамоа”

Бош мураббий Хитой терма жамоасини анчадан бери яхши билишини, турли мусобақаларда кўп тўқнаш келганини эслаб ўтди. Унга кўра, Хитой йилдан-йилга ўсиб бормоқда ва ҳозир энг яхши ҳолатига етиб келган.

“Хитойни анчадан бери биламиз. Кўп мусобақаларда ўйнаганмиз. Йилдан-йилга яхшиланяпти. Ҳозир улар энг яхши даврида. Жуда яхши авлод йиғилган. Мураббийлар штаби ҳам узоқ вақтдан бери ишлаб келяпти, ўйин услубини футболчиларга сингдиришган. Тартибли ва ҳурматга сазовор жамоа. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўряпмиз, кучли-кучсиз томонларини ўрганяпмиз”, — деди Ҳайдаров.

Сардорбек Баҳромов: “Рақиб танлаш йўқ, ғалаба учун чиқамиз”

Футболчимиз Сардорбек Баҳромов ҳам ўз сўзида бутун Ўзбекистон халқини чорак финалга чиқиш билан табриклади. Унинг таъкидлашича, бу босқичдан кейин енгил рақиб бўлмайди — ҳар бири финал учун курашади.

“Ассалому алайкум барчага! Бу босқичга чиққанимиз билан бутун Ўзбекистонни табриклайман. Эртага муҳим ўйин. Қийин учрашувларни ўтказдик, буёғига рақиб танлаш йўқ. Майдонга чиқиб, ғалаба учун ҳаракат қиламиз”, — деди Баҳромов.

У Хитой термасини Осиёдаги кучли жамоалардан бири сифатида баҳолаб, рақибнинг ҳам ҳужумда, ҳам мудофада бирдек яхши ўйнашини айтди.

“Хитой яхши терма жамоа. Катталар ҳам, кичиклар ҳам уларга қарши ҳар доим жанговор ўйин ўтказишган. Осиёда яхши жамоалардан бири. Улар мудофада ҳам, ҳужумда ҳам бир хил яхши ўйнади. Биз эртага ўзимизни ҳар томонлама яхши кўрсатиб, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз”, — дея фикрини якунлади футболчи.

Бир сўз билан айтганда, жамоамизда кайфият жойида: тайёргарлик режаси бажарилган, иқлимга мослашилган, рақиб ўрганилган. Энди энг муҳими — майдондаги амалий ижро. Плей-оффда гап кўп эмас, натижа гапиради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон—Хитой ўйини олдидан Ҳайдаров қатъий баёнот берди