Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Хитойдаги турнирда иштирок этиши мумкин

Хитой футболчилари яна бир бор катта тайёргарлик режимини ёқяпти: Хитой футбол ассоциацияси 2026 йилги Осиё ўйинлари олдидан март ойида Сиань шаҳрида U-23 терма жамоалар иштирокида тўрт жамоали ўртоқлик турнири ўтказишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ASEAN FOOTBALL саҳифасида хабар тарқалган.
Манбага кўра, Таиланд бу мусобақа учун таклифномани олиб бўлган, Вьетнам U-23 термасининг иштирок этиши эса “эҳтимол” сифатида қайд этилмоқда. Қолган жамоалар рўйхати ҳали расман тўлиқ очиқланмаган бўлса-да, турнир айнан ёшлар футболида рақобатни ошириш ва Осиё ўйинлари олдидан таркибни “пишитиш” мақсадига хизмат қилиши айтилмоқда.
Энг қизиғи — Ўзбекистон ҳам бу турнирга яқиндан “мос тушади”. Сабаби сўнгги пайтларда икки мамлакат ўртасида футбол ҳамкорлиги анча жонланди: U-19, U-17, U-16 ёш тоифаларида йиғинлар, ўртоқлик ўйинлари, тажриба алмашуви — ҳаммаси бўляпти. Бу “алоқа линияси” кучайгани учун, мухлисларимиз Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоанинг ҳам Сианьдаги кичик турнирга қўшилиши мумкинлигини кутяпти.
Бундай мусобақаларни кимдир “оддий ўртоқлик” деб ўйлар, лекин аслида бу — тренерлар учун жонли лаборатория: янги схемаларни синаш, босим остида қарор қабул қилиш, ўйин охирида характер кўрсатиш. Қисқаси, катта турнир олдидан “қоғоздаги режа”ни майдонда текшириб олиш.
Агар Ўзбекистон U-23 ҳам иштирок этса, бу бир нечта томондан фойдали бўлади:
— Осиё услубидаги тезкор, жисмоний футболга тайёргарлик ошади;
— рақобатчи мактаблар билан бир майдонда куч синашиш имкони пайдо бўлади;
— ёшларимизга халқаро ритмга тезроқ кириш учун зўр платформа бўлади.
Хулоса битта: март ойи яқинлашган сари, Сианьдаги турнир атрофидаги интрига ҳам қизийди. Мухлислар учун эса бу — баҳорни футбол билан бошлаш дегани. Тўғриси, бундан ёқимли “старт” кам.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!