"Бавария" Берчимас учун пешқадам: "Манчестер Юнайтед" ҳам умидвор...

Трансфер бозорида навбатдаги қизиқ “дуэл” бошланди: журналист Экрем Конурнинг Sports Boom порталига берган маълумотларига кўра, Бундеслига чемпиони “Бавария” АҚШнинг “Шарлотт” клубида тўп тепаётган ёш қанот ҳужумчиси Нимфаша Берчимасни қўлга киритиш пойгасида ҳозирча олдинга чиқиб олган.
Гап шундаки, 17 ёшли (яқин кунларда 18га кирадиган) футболчи аллақачон катта клубларнинг радаридан жой олган. Манбада айтилишича, Берчимас аввалроқ “Манчестер Юнайтед”да ҳам кўрикдан ўтган. Англия гранди вакилларига унинг ҳаракатлари, тезлиги ва қанотдаги эркинлиги жуда маъқул келгани қайд этиляпти. Шу боис “қизил шайтонлар” бу курашда “Бавария”ни ортда қолдириш учун жиддий ҳаракат қилиши мумкин.
Шунга қарамай, ҳозирча мюнхенликлар учун вазият анча умидли кўринади. “Бавария” ва “Шарлотт” ўртасидаги музокаралар ижобий руҳда давом этаётгани, келишув самарали якунланиши эҳтимоли юқори экани таъкидланмоқда. Агар томонлар бир қарорга келса, Берчимас ёзда “Бавария”нинг асосий жамоаси билан мавсум олди йиғинига қўшилиши ҳам мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат: футболчи 22 февраль куни 18 ёшга тўлади. Демак, шартлар тўғри келса, трансфер масаласини тезлаштириш учун ҳуқуқий-техник тўсиқлар ҳам анча камаяди.
Маълумот ўрнида, Нимфаша Берчимаснинг “Шарлотт” билан амалдаги шартномаси 2026 йил охиригача амал қилади. Transfermarkt маълумотига кўра, унинг бозор қиймати ҳозирча 300 минг евро атрофида. Ёш, арзон ва потенциали баланд футболчи — бу трансфердаги энг “хавфли комбо”. Энди интрига оддий: “Бавария” тезликни ушлаб қоладими ёки “Манчестер Юнайтед” охирида “спринт” қилиб кетадими?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!