Эксперт энг кучли форвардларни ўзаро солиштирди: Ким биринчи?

Европа футболида ҳар мавсум бир савол доим қизиқ: қайси ҳужумчи ҳақиқатан ҳам энг хавфли, энг мукаммал, энг “қотил”? Испаниялик таниқли футбол шарҳловчиси Хулио Малдонадо — мухлислар яхши биладиган Малдини лақабли эксперт — айнан шу мавзуда гапириб, Европанинг беш етакчи лигасидаги тўрт топ ҳужумчини қиёс қилди.
Унинг фикрича, “Олтин бутса” учун кураш бу сафар янада қизийди. Чунки катта саҳнада ҳамма нарса бор: голлар, босим, форма, рақобат… ва ҳар бир номзоднинг ўзига хос “қуроли” бор.
Эксперт биринчи навбатда Килиан Мбаппени ажратиб кўрсатди. Малдонадо очиқ айтади: унинг назарида Мбаппе — ҳозирги кунда энг яхши вариант. Сабаби оддий: у мукаммал ҳужумчи, ҳар хил услубда хавф туғдира олади, рақиб ҳимоясини бир пасда парчалаши мумкин. Тезлиги, қарор қабул қилишдаги чаққонлиги ва голга боришдаги кескинлиги — ҳаммаси рақиб учун алоҳида бош оғриқ.
Ҳарри Кейн ҳақида эса Малдонадо унинг “жарима майдончасидан ташқаридаги ўйини”ни энг кучли жиҳат сифатида таъкидлади. Яъни Кейн фақат гол урадиган классик “тўққизлик” эмас — у орқароққа қайтиб, комбинацияга қўшилади, тўп тарқатади, вазият қуришда иштирок этади. Баъзан ҳатто “ўнлик” позициясидаги плеймейкер вазифасини ҳам бажариб кетади. Экспертнинг фикрича, Кейн кўп ҳолларда етарлича баҳоланмайди, аслида эса у жуда ёрқин ва ақлли ҳужумчи.
Эрлинг Ҳоланд масаласида Малдини бироз танқидий руҳда гапирди. Унинг айтишича, норвег ҳужумчи ҳозир энг юқори формасида эмас. Агар “Манчестер Сити” Англия чемпионати ва Чемпионлар лигасида энг катта мақсадлар учун курашмоқчи бўлса, жамоага Ҳоланднинг “энг кучли версияси” керак бўлади. Чунки Холанднинг ҳақиқий даражаси — бу рақибни қўрқитадиган, ўйин тақдирини битта эпизодда ҳал қиладиган ҳолат.
Лаутаро Мартинесга келганда, эксперт уни қолган уч номзоддан бир поғона пастроқ даражада кўрди. Аммо бу Лаутаро кучсиз дегани эмас. Малдонадо унинг меҳнаткашлиги, ҳаракатчанлиги ва гол уришдаги маҳоратини алоҳида таъкидлади. Яъни у ҳам барибир “ишончли форвард”, шунчаки Мбаппе, Кейн ва Холанд даражасидаги “суперқурол” эффекти камроқ.
Қисқаси, Малдинининг қиёси битта нарсани яна бир бор исботлади: ҳар бир топ ҳужумчининг йўли бошқа, услуби бошқа, кучли томони бошқа. Лекин “Олтин бутса” деганда, хавф, мукаммаллик ва таъсир кучи биринчи ўринга чиқади. Малдонадо эса бу борада энг юқори баҳони Мбаппега берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!