Шешко «Вест Хем» билан дурангдан кейин фикр билдирди

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Бенямин Шешко «Вест Хем»га қарши ўйиндан сўнг (1:1) учрашув таассуротлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Лондон сафарида «қизил иблислар»ни мағлубиятдан айнан словения футболчиси қутқариб қолди: у 96-дақиқада гол уриб, ҳисобни тенглаштирди.
«Жамоамиз жуда яхши, ҳамжиҳат ишлаймиз ва доим охиригача курашамиз. Бугун ҳеч бўлмаса дуранг олиш муҳим эди, чунки рақиб қарши ҳужумларда жуда хавфли бўлди. Якунда ҳисобни тенглаштира олдик.
Ўзимизни ҳануз яхши ҳис қиляпмиз. Қийин паллаларда жамоа бирлигини сақлаб қолади — бу жуда муҳим. Сўнгги ўйинларда қилган ишимизни давом эттиришимиз керак. Диққатни йўқотмаслик ва пайдо бўладиган вазиятлардан унумли фойдаланиш зарур», — деди Шешко TNT Sportsга берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Юнайтед» Майкл Кэррик қўл остида аввалги тўрта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!