date

Фабио Капелло "Интер"нинг шармандали мағлубияти сабабини айтди

Фабио Капелло "Интер"нинг шармандали мағлубияти сабабини айтди

“Интер”нинг Чемпионлар лигасида Норвегиянинг “Будё-Глимт” жамоасига кутилмаган тарзда мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этгани Италия футболида катта муҳокама уйғотди. Милан клубининг бу йирик омадсизлигига муносабат билдирган таниқли мутахассис, собиқ бош мураббий Фабио Капелло эса сабабни фақат бир ўйин ёки битта хато билан эмас, бутун А Серия муҳити билан изоҳлади.

Капеллонинг фикрича, асосий муаммо — Италия чемпионатидаги ўйин суръатининг пастлиги. У “Интер”нинг икки ўйин натижасига кўра “Будё-Глимт”га ютқазганини (1:3 ва 1:2, умумий ҳисоб 2:5) айнан шу омил билан боғлади.

— Италия футболида жуда секин ўйнашади — бунга ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Жамоаларимиз кўп югурадиган ва юқори прессинг қиладиган рақибларга қарши ўйнаганда, фақат секин ўйин кўрсата олишади, — деди Капелло.

Унинг таъкидлашича, А Серия клублари темпни кескин оширишга уринганда, бу ерда бошқа муаммо бош кўтаради: ўша тезликка мос техник сифат ва шундай ритмда ўйнаш кўникмаси етишмайди. Шунинг учун ҳам жамоалар хавфли тезликда ҳаракат қилишга ўтганда, хато кўпайиб кетади.

— Қачонки сиз тезликни ёки интенсивликни оширмоқчи бўлсангиз, бунга сифат ёки шундай ўйнаш одати етишмайди. Натижада эса хатолар қиласиз, — дея қўшимча қилди италиялик мутахассис.

Капелло фақат клубларни эмас, балки ички чемпионатдаги умумий ёндашувни ҳам танқид қилди. У ҳакамлик услуби ва ўйинни бошқариш маданияти футболчиларни агрессив, қаттиқ прессингга асосланган футболдан узоқлаштириб қўяётганини айтди.

— Биз агрессив ўйинга ўрганмаганмиз. Чунки А Серияда шундай ўйнашга ҳаракат қилсангиз, сизни дарҳол тўхтатишади. Оқибатда эса натижалар шундай ачинарли кўриниш олади. Биз секин ўйнаймиз, шунинг учун “Интер” хавфли вазият яратишга уринганида қанчалик қийналганини ҳамма кўрди, — деди Капелло.

Қисқаси, Фабио Капеллонинг гаплари битта оғриқли саволни ўртага ташлаяпти: А Серия ўз темпи, агрессивлиги ва замонавий интенсив футболга мослашиш борасида ортда қолаётгани йўқми? “Интер”нинг Норвегия клубига мағлуб бўлиши эса бу саволни янада қаттиқроқ янгратди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Фабио Капелло "Интер"нинг шармандали мағлубияти сабабини айтди