"Андижон" клубида янги тайинловлар амалга оширилди

"Андижон" клубида янги тайинловлар амалга оширилди
Қисқача

«Андижон» футбол клуби мураббийлар штабида ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди. Жамоанинг вақтинчалик бош мураббийи этиб маҳаллий мутахассис Ислом Аҳмедов тайинланди. Унга катта мураббий сифатида Сергей Арсланов, дарвозабонлар мураббийи эса Бекзод Тўрғунов ёрдам беради. Янги тайинловлар жамоанинг келгуси ривожланиши ва натижаларини яхшилашга қаратилган.

“Андижон” футбол клуби қароргоҳида жамоа раҳбарияти ва футболчилар иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда кун тартибидаги ташкилий масалалар муҳокама қилинди ва мураббийлар штабида ўзгаришлар амалга оширилди.

Клуб матбуот хизмати маълумотига кўра, маҳаллий мутахассис Ислом Аҳмедов вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди. У бу лавозимгача жамоа мураббийлар штабида фаолият юритиб келаётган эди.

Ислом Аҳмедов 1986 йил 8 июлда туғилган бўлиб, Андижон футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. У футболчи сифатида “УзДонгЖу”, Самарқанднинг “Динамо”си, “Сўғдиёна” ҳамда “Андижон” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

Мураббийлик фаолиятида эса у кўп йиллар давомида “Андижон” футбол академиясида самарали иш олиб боргани билан танилган.

Шу билан бирга, мураббийлар штабида Ислом Аҳмедовга Сергей Арсланов ёрдам беради. У 1986 йил 6 ноябрда туғилган бўлиб, фаолияти давомида “Машъал”, “Шўртан”, “УзДонгЖу” каби клубларда ўйнаган.

Арсланов шунингдек “Пахтакор”, “Кубан” (Россия) ва “Динамо” (Киев, Украина) академияларида тажриба орттирган. У мураббий сифатида Қирғизистоннинг “Дордой” клубини бошқарган, кейинчалик юртимизда “Сурхон”, “Нефтчи” ва “Сўғдиёна” жамоаларида ишлаган.

Эндиликда у “Андижон” клубида катта мураббий сифатида фаолият олиб боради.

Шунингдек, дарвозабонлар мураббийи сифатида аввал U-21 жамоасида ишлаган Бекзод Тўрғунов ҳам асосий штабга қўшилди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар