Мудрик тўрт йиллик дисквалификация устидан CAS органига шикоят киритди

"Челси" вингери Михайло Мудрик допинг қоидаларини бузгани учун 4 йилга четлатилганидан сўнг Спорт арбитраж судига (CAS) расмий апелляция берди. Украина терма жамоаси аъзоси одатий тестда ижобий натижа қайд этилганидан бери қарийб 18 ой давомида майдонга тушмади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Англия футбол ассоциацияси (FA) узоқ давом этган текширувлардан сўнг Мудрикка максимал жазо — 4 йиллик дисквалификация тайинлади. 25 ёшли футболчи 2024 йил декабрь ойида вақтинчалик четлатилган ва 2025 йил июн ойида унга расмий айблов эълон қилинган эди.

Ҳозирги қоидаларга кўра, жазо муддати унинг вақтинчалик четлатилган вақтидан бошлаб ҳисобланади. Бу эса собиқ "Шахтёр" вингерининг 2028 йил декабригача профессионал футболга қайтишини имконсиз қилади.
CAS вакили BBC Спорт нашрига 2026 йил 25 февраль куни Мудрик томонидан апелляция келиб тушганини тасдиқлади.
Муаммо мельдоний моддаси билан боғлиқ бўлиб, у нафас олиш қобилияти ва чидамлиликни ошириши мумкин. Хабарларга кўра, Мудрик ушбу модда билан 2024 йил октябрь ойида Украина терма жамоаси йиғинида алоқада бўлган.
Футболчи ўзининг ягона очиқ баёнотида ҳолатдан ҳайратда эканлигини ва ҳеч қачон тақиқланган моддаларни атайлаб ишлатмаганини таъкидлади.
Мудрик ҳозирда хусусий мураббий билан машғулотларни давом эттирмоқда. У ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Пол Погба, Тайсон Фьюри каби спортчиларнинг ишида қатнашган Морган Спортс Лаw юридик фирмаси билан шартнома тузди.
"Челси" клуби ва FA ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан расмий изоҳ беришдан бош тортди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!