Каземиро «Манчестер Юнайтед» билан хайрлашиш қарорини эълон қилди

Англиянинг Manchester United клубида катта ўзгаришлар даври бошланмоқда. Жамоанинг тажрибали ярим ҳимоячиси Каземиро мавсум якунида манчестерликлар сафини тарк этишини расман маълум қилди.
Бразилиялик футболчи ESPN нашрига берган интервьюсида клуб билан шартномасини узайтириш нияти йўқлигини очиқ айтди ва фаолиятининг ушбу босқичини муносиб тарзда якунламоқчи эканини таъкидлади.
— «Яна бир йил қолишми? Ҳеч қачон. Мен кетишга қарор қилдим ва буни муносиб тарзда амалга оширишни хоҳлайман. “Манчестер Юнайтед”да тўрт ажойиб йил ўтказдим ва ҳаммаси учун миннатдорман. Энди эса бу ҳикоя ўз якунига етди, бу боб ёпилди», — деди Каземиро.
34 ёшли тажрибали футболчи Manchester United сафига 2022 йилда келиб қўшилган эди. У қисқа вақт ичида жамоанинг етакчиларидан бирига айланиб, майдон марказидаги барқарор ўйини, жанговор характери ва бой тажрибаси билан мухлислар меҳрини қозонди.
Айниқса, катта босимли учрашувларда унинг совуққонлиги ва ҳимоя билан ҳужум ўртасидаги мувозанатни сақлаб туриши жамоа учун муҳим аҳамият касб этган.
Қизиғи шундаки, ёшига қарамасдан Каземиро ҳали ҳам юқори даражада ўйин кўрсатмоқда. Жорий мавсумда у Англия Премьер-лигаси доирасида 33 та баҳсда майдонга тушиб, 9 та гол ва 2 та голли узатма муаллифи бўлган.
Бу кўрсаткичлар унинг нафақат тажрибали, балки ҳали ҳам ҳал қилувчи футболчилардан бири эканини кўрсатиб турибди.
Ҳозирча Каземиронинг фаолиятини қаерда давом эттириши аниқ эмас. Бироқ футбол оламида унинг Саудия Арабистони клублари ёки Бразилияга қайтиши мумкинлиги ҳақида турли тахминлар пайдо бўлмоқда.
Manchester United мухлислари эса тажрибали ярим ҳимоячининг клуб тарихида муносиб из қолдирганини таъкидламоқда. Каземиро қисқа вақт ичида жамоанинг муҳим фигураларидан бирига айланиб, ўзининг лидерлик фазилатлари билан кўпчилик ҳурматига сазовор бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!