«Барселона» энди Гонсалу Рамуш трансферига жиддий қизиқмоқда

Каталониянинг “Барселона” клуби ёзги трансферлар ойнаси олдидан ҳужум чизиғини кучайтириш устида иш олиб бормоқда. Испания гранди дастлаб “Челси” форварди Жоао Педрони асосий трансфер мақсади сифатида кўраётган эди. Бироқ лондонликлар футболчини сотиш нияти йўқлигини билдиргач, каталонияликлар диққатини бошқа вариантга қаратди.
TEAMtalk нашри тарқатган маълумотларга кўра, “Барселона” ҳозирда Франциянинг “ПСЖ” клуби ҳужумчиси Гонсалу Рамушни эҳтимолий трансферлар рўйхатига киритган.
Манба таъкидлашича, Париж клуби 24 ёшли португалиялик футболчини қўйиб юбориш вариантини кўриб чиқмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида Рамушнинг захирада кўп қолиб кетаётганидан норози экани айтилмоқда.
Футболчи мунтазам асосий таркибда ўйнашни истамоқда ва бу унинг келажаги борасида турли муҳокамалар пайдо бўлишига сабаб бўлган.
Қизиғи шундаки, Гонсалу Рамуш учун фақат “Барселона” эмас, балки Англиянинг “Челси” клуби ҳам кураш олиб бориши мумкин. Шу сабабли, ёзги трансферлар ойнасида бу футболчи атрофида жиддий рақобат юзага келиши эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.
Мутахассислар фикрича, Рамушнинг ўйин услуби “Барселона” фалсафасига анча мос келади. У ҳужумда ҳаракатчанлиги, позиция танлаши ва жамоавий ўйинга мослашувчанлиги билан ажралиб туради.
Жорий мавсумда португалиялик форвард барча мусобақалар доирасида 41 та учрашувда қатнашиб, 12 та гол ва 2 та голли узатма муаллифи бўлди. Гарчи у ҳар доим ҳам асосий таркибда тушмаган бўлса-да, самарали ҳаракатлари билан мураббийлар эътиборини тортишда давом этмоқда.
Гонсалу Рамушнинг “ПСЖ” билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Шу боис, унинг трансфери арзонга тушмаслиги айтилмоқда.
Таниқли Transfermarkt портали эса футболчининг ҳозирги трансфер қийматини 35 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
Каталония мухлислари ҳозирданоқ клубнинг ёзги трансфер сиёсатини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Чунки “Барселона” кейинги мавсумда Европа аренасида яна жиддий рақобатчига айланишни мақсад қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!