date

Ёш истеъдод учун Европа грандлари ўртасида кураш қизимоқда

Амстердамнинг “Аякс” клубида порлаб бораётган ёш ҳужумчи Мика Годтс Европа грандларининг диққат марказига айланди. Белгиялик иқтидор эгаси яқин келажакда фаолиятини йирик клублардан бирида давом эттириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тобора кўпаймоқда.

Журналист Лентин Гудек тарқатган маълумотларга кўра, Англиянинг “Манчестер Сити” клуби 20 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Хосеп Гвардиола жамоаси ёш ва техник футболчиларни таркибга жалб қилиш сиёсатини давом эттираётгани айтилмоқда.

Бироқ “Аякс” раҳбарияти ўзининг ёрқин истеъдодини арзонга қўйиб юбормоқчи эмас. Голландия клуби Мика Годтс учун катта маблағ талаб қилиши кутилмоқда.

Қизиғи шундаки, белгиялик футболчига фақат “Манчестер Сити” эмас, балки Европанинг бошқа машҳур клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Хабарларга қараганда, “Арсенал”, “Челси”, “Манчестер Юнайтед”, “Барселона” ва “Бавария” скаутлари ҳам унинг ўйинларини яқиндан кузатмоқда.

Мутахассислар фикрича, Мика Годтснинг универсаллиги ва тезкорлиги уни замонавий футбол учун жуда мос футболчига айлантирмоқда. У қанотда юқори тезликда ҳаракат қилиши, бирга-бир вазиятларда рақибни ортда қолдириши ва голли ҳаракатлар яратиши билан ажралиб туради.

Мика Годтс 2023 йилда Бельгиянинг “Генк” клубидан “Аякс”га кўчиб ўтган эди. Қисқа вақт ичида у Амстердам жамоасининг муҳим футболчиларидан бирига айланишга улгурди.

Жорий мавсумда ёш ҳужумчи барча мусобақалар доирасида 40 та баҳсда иштирок этиб, 17 та гол урди ва 14 та голли узатма амалга оширди. Бу статистика унинг нафақат тўпурар, балки жамоавий ўйинда ҳам катта фойда келтираётганини кўрсатмоқда.

Футболчининг “Аякс” билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган. Шу сабабли, унинг трансфери бўйича музокаралар осон кечмаслиги тахмин қилинмоқда.

Transfermarkt портали эса Мика Годтснинг ҳозирги бозор қийматини 25 миллион евро атрофида баҳолаган.

Кўпчилик футбол таҳлилчилари белгиялик иқтидор эгаси яқин йилларда Европа футболининг энг ёрқин юлдузларидан бирига айланиши мумкинлигини таъкидламоқда. Унинг кейинги манзили эса ҳозирданоқ мухлислар орасида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ёш истеъдод учун Европа грандлари ўртасида кураш қизимоқда