date

Нодирбек Абдураззоқов терма жамоада ўйнаш учун борини беради

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирда Миллий футбол марказида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини давом эттирмоқда. Йиғинга чақирув олган футболчилардан бири — ОКМК ярим ҳимоячиси Нодирбек Абдураззоқов ҳам терма жамоадаги муҳит ва ўз олдига қўйган мақсадлари ҳақида фикр билдирди.

Футболчининг айтишича, миллий жамоадан чақирув олиш унинг учун катта шараф ва масъулият ҳисобланади.

“Аввало, барчага ассалому алайкум. Терма жамоага чақирув олганимдан жуда хурсанд бўлдим. Жамоадаги муҳит ҳар доимгидек жуда яхши. Йигитлар аҳил, кайфият юқори ва барча бир мақсад йўлида меҳнат қиляпти”, — деди Абдураззоқов.

Футболчи терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро билан аввал ҳам ишлаганини таъкидлаб, италиялик мутахассисдан кўп нарса ўрганаётганини айтди.

“Фабио Каннаваро билан аввал ҳам бирга ишлаганмиз. Ҳозир ҳам машғулотларда ўзимиз учун керакли жиҳатларни ўрганяпмиз. У жуда тажрибали мураббий ва ҳар бир машғулотда янги нарсаларни кўриш мумкин”, — дея қўшимча қилди футболчи.

Нодирбек Абдураззоқов Ўзбекистон футболи ҳақида ҳам илиқ фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакатимизда ҳар доим кучли футболчилар бўлган ва рақобат ҳеч қачон паст бўлмаган.

“Ўзбекистонда ҳеч қачон кучсиз футбол бўлмаган. Ҳар доим яхши ва кучли футболчилар чиққан. Мен ҳам якуний 26 кишилик таркибдан жой олиш ва миллий жамоа сафида майдонга тушиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан”, — деди у.

Футболчи ким ўйнашидан қатъи назар, ҳар бир футболчи майдонда жонини бериб ҳаракат қилишини таъкидлади.

“Терма жамоада рақобат катта. Лекин ким майдонга тушмасин, барча бор кучини беради, деб ўйлайман”, — деди Абдураззоқов.

Шунингдек, у йиғин давомидаги машғулотлар ва тартиб-интизом ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Терма жамоада овқатланиш ва кун тартиби клубдагидан бироз фарқ қилади. Аммо мен ҳам доим тўғри овқатланишга ҳаракат қиламан. Ҳозирча йиғинда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ”, — деди футболчи.

Мухлислар эса ҳозирданоқ миллий жамоанинг якуний таркиби ва яқинлашиб келаётган учрашувларни катта қизиқиш билан кутишмоқда. Айниқса, ёш ва иқтидорли футболчиларнинг терма жамоада ўзини кўрсатишга интилаётгани мухлисларга янада катта умид бағишламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Нодирбек Абдураззоқов терма жамоада ўйнаш учун борини беради