date

Мбаппе “Бернабеу”да ўйнашни истамаётгани айтилди...

“Реал Мадрид” ҳужумчиси Килиан Мбаппе жорий мавсумда жамоасининг қолган уй учрашувларида иштирок этмаслиги мумкин. The Athletic нашрининг хабар беришича, франциялик юлдуз “Сантьяго Бернабеу”да майдонга тушишни хоҳламаяпти.

Манба маълумотига кўра, бунга мухлислар томонидан бир неча бор ҳуштакбозлик қилингани сабаб бўлган. Мбаппе “Реал”нинг бугунги кундаги энг кучли футболчиларидан бири сифатида қаралаётган бўлса-да, сўнгги вақтларда унинг атрофидаги вазият анча мураккаб тус олмоқда.

Франциялик ҳужумчи Ла Лиганинг 35-туридан ўрин олган “Барселона”га қарши “Эл-класико” баҳсини ҳам ўтказиб юборди. Аввалроқ, у 24 апрель куни “Бетис”га қарши учрашувда олган жароҳати сабаб майдонга тушмагани айтилган эди.

Бироқ бошқа маълумотларга кўра, вазият фақат жароҳат билан боғлиқ эмас. Айрим манбалар Мбаппе асосий таркибда майдонга тушмаслигини билгач, машғулотни тарк этганини хабар қилмоқда. Бу эса “Реал” ичидаги муҳит ва футболчининг кайфияти ҳақида янги саволларни келтириб чиқарди.

Ҳозирча мадридликлар Мбаппенинг қачон майдонга қайтиши бўйича аниқ маълумот бермаган. Шу сабаб унинг мавсум охиригача қолган баҳсларда иштирок этиши ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда.

“Реал Мадрид” мавсум якунига қадар яна учта учрашув ўтказади. Жамоа 14 май куни ўз майдонида “Овьедо”ни қабул қилади, 17 май куни сафарда “Севилья”га қарши баҳс олиб боради ва 23 май куни “Атлетик Бильбао”га қарши уй учрашувида майдонга тушади.

Агар Мбаппе ҳақиқатан ҳам “Бернабеу”даги ўйинларда қатнашмаса, бу “Реал” учун катта психологик зарба бўлиши мумкин. Чунки жамоа шундоқ ҳам мавсумни совринсиз якунлаш арафасида турибди, мухлислар кайфияти эса анча кескин.

Мбаппе каби юлдуз учун босим, танқид ва ҳуштакбозлик катта футболнинг бир қисми. Аммо “Реал”да бу босим икки баравар кучли бўлади. Бу ерда фақат яхши ўйнаш эмас, ҳар ҳафта ўз даражангни исботлаш талаб қилинади.

Энди асосий савол шундай: Мбаппе бу босимни енгиб, майдонда жавоб берадими ёки мавсум охирида унинг “Реал”даги келажаги янада кўпроқ муҳокама қилинадими? Ҳозирча Мадридда тинчлик йўқ — майдондан кўра, кийиниш хонасидаги вазият кўпроқ гап-сўзга сабаб бўлмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Мбаппе “Бернабеу”да ўйнашни истамаётгани айтилди...