Флорентино Перез: Ҳакамлар биздан 18 очкони ўғирлашди

Реал Мадрид президенти Флорентино Перез сешанба куни ўтказилган чиқишида ЛаЛига ҳакамларини кескин танқид остига олди. У жамоасининг чемпионлик пойгасидаги муваффақиятсизликларида бевосита ҳакамлар қарорларини айбдор деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Перезнинг таъкидлашича, Реал Мадрид жорий мавсумда ҳакамларнинг хатолари туфайли 18 очкодан маҳрум бўлган. У ўз фаолияти давомида клуб атиги етти марта чемпион бўлганидан норозилигини билдириб, аслида бу кўрсаткич 14 та бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, Перез Негреира иши бўйича ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди. У ушбу воқеани футбол тарихидаги энг ёмон можаро деб атади ва Барселона томонидан ҳакамлар қўмитаси собиқ вице-президентига тўланган маблағлар масаласи ҳанузгача очиқ қолаётганидан норозилигини яширмади.
Реал Мадрид раҳбари Негреира давридаги ҳакамлар ҳамон фаолият юритаётганини мантиқсиз деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, Барселона йиллар давомида ҳакамлар хизматидан фойдаланган бўлса-да, тизимда ҳеч қандай жиддий ўзгаришлар рўй бермаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!