Туркия Жаҳон чемпионати учун кенгайтирилган таркибини эълон қилди

Туркия миллий жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг муҳим босқичига кирди. Терма жамоа бош мураббийи Винченцо Монтелла мундиал учун кенгайтирилган таркибни маълум қилди.
Дастлабки рўйхатдан 35 нафар футболчи ўрин олди. Кейинчалик улар орасидан 9 нафар ўйинчи якуний қайдномадан тушириб қолдирилади ва Жаҳон чемпионатига борадиган асосий 26 кишилик таркиб шакллантирилади.
Дарвозабонлар сафида Алтай Байиндир, Эрсин Дестанўғлу, Мерт Гюнок, Муҳаммад Шенгезер ва Уғуржон Чакир бор. Бу позицияда Монтеллада тажриба ва рақобат етарли. Айниқса, Европада фаолият юритаётган посбонлар жамоа учун муҳим танлов имкониятини беради.
Ҳимоя чизиғида Абдулкарим Бардакжи, Аҳметжон Каплан, Чағлар Сеюнджу, Ферди Қодиўғлу, Мерих Демирал, Мерт Мюлдюр, Озон Кабак ва Зеки Челик каби номлар бор. Бу рўйхатдан кўриниб турибдики, Туркия ҳимояда жисмоний куч, тажриба ва Европа футболида пишган ўйинчиларга таянади.
Ярим ҳимояда эса Ҳакан Чалҳанўғли бош фигуралардан бири бўлиши кутилмоқда. Унга Атакан Каразор, Демир Тикназ, Исмоил Юксек, Каан Айҳан, Оркун Кўкчю ва Солиҳ Ўзжан каби футболчилар ҳамроҳлик қилади. Бу чизиқда тўп назорати, тажриба ва ҳужумга ўтишдаги тезлик муҳим аҳамият касб этади.
Ҳужум чизиғи эса энг қизиқ йўналишлардан бири бўлиб турибди. Арда Гюлер, Кенан Йилдиз, Бариш Йилмаз, Жон Узун, Дениз Гюль, Керем Актюркўғлу, Юнус Акгюн ва Юсуф Сари каби футболчилар Туркиянинг олдинги чизиғида рақобатни анча кучайтиради. Айниқса, Арда Гюлер ва Кенан Йилдиз каби ёш юлдузларга мухлислар катта умид боғламоқда.
Туркиянинг ЖЧ-2026 учун кенгайтирилган таркиби:
Дарвозабонлар:
Алтай Байиндир “Манчестер Юнайтед”, Эрсин Дестанўғлу “Бешикташ”, Мерт Гюнок “Фенербаҳче”, Муҳаммад Шенгезер “Истанбул”, Уғуржон Чакир “Галатасарой”.
Ҳимоячилар:
Абдулкарим Бардакжи “Галатасарой”, Аҳметжон Каплан НЕК, Чағлар Сеюнджу “Фенербаҳче”, Эврен Элмали “Галатасарой”, Ферди Қодиўғлу “Брайтон”, Мерих Демирал “Ал-Аҳли”, Мерт Мюлдюр “Фенербаҳче”, Мустафо Эскихеллач “Трабзонспор”, Озон Кабак “Хоффенҳайм”, Самет Акайдин “Ризеспор”, Юсуф Акчичек “Ал-Ҳилол”, Зеки Челик “Рома”.
Ярим ҳимоячилар:
Атакан Каразор “Штутгарт”, Демир Тикназ “Брага”, Ҳакан Чалҳанўғли “Интер”, Исмоил Юксек “Фенербаҳче”, Каан Айҳан “Галатасарой”, Оркун Кўкчю “Бешикташ”, Солиҳ Ўзжан “Боруссия” Дортмунд.
Ҳужумчилар:
Арал Шимшир “Мидтьюлланд”, Арда Гюлер “Реал”, Бариш Йилмаз “Галатасарой”, Жон Узун “Айнтрахт”, Дениз Гюль “Порту”, Ирфон Каҳвежи “Қасимпаша”, Кенан Йилдиз “Ювентус”, Керем Актюркўғлу “Фенербаҳче”, Оғуз Айдин “Фенербаҳче”, Юнус Акгюн “Галатасарой”, Юсуф Сари “Истанбул”.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Туркия ушбу мусобақага кучли, ёш ва тажрибали футболчилар уйғунлашган таркиб билан тайёргарлик кўрмоқда.
Қисқаси, Монтелла танлов олдида турибди: 35 футболчидан энг муносиб 26 нафарини саралаб олиши керак. Бу осон бўлмайди, чунки ҳар бир чизиқда рақобат бор. Аммо айнан шундай рақобат катта турнир олдидан жамоани янада кучли қилади. Туркия мундиалга шунчаки бориш учун эмас, ўз сўзини айтиш учун тайёрланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!