Муҳаммад Салоҳ "Атлетико" сафига ўтиши мумкинлиги айтилмоқда...

“Ливерпуль”даги тўққиз йиллик сермаҳсул фаолиятидан кейин Муҳаммад Салоҳ жамоани тарк этишга яқин турибди. Мисрлик юлдузнинг кейинги манзили ҳақида турли тахминлар тарқалаётган бир пайтда, Мадриднинг “Атлетико” клуби варианти ҳам кун тартибига чиқди.
WinWin маълумотига кўра, аввалроқ 33 ёшли ҳужумчи учун асосий даъвогарлар Саудия Арабистони клублари сифатида кўрилаётган эди. Бироқ эндиликда Салоҳни Европада қолдириши мумкин бўлган янги йўналиш — “Атлетико” ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.
Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль” сафида умумий ҳисобда 441 та ўйин ўтказиб, 257 та гол ва 122 та голли узатма қайд этди. Бу рақамлар унинг мерсисайдликлар тарихидаги энг муҳим футболчилардан бирига айланганини кўрсатади.
Мадрид клубига яқин манбага кўра, “Атлетико” Салоҳ даражасидаги футболчига қизиқиши табиий. Аммо бундай трансферни амалга ошириш осон бўлмайди.
“Салоҳ — энг юқори даражадаги футболчи ва, албатта, исталган Европа клуби уни ўз таркибига қўшиб олишни истайди. Аммо ҳозирча ҳеч қандай расмий қадамлар ташланмади. Асосий муаммо — унинг юқори маоши, бу эса мадридликларнинг ҳозирги молиявий тузилмасига мос келмайди”, — деди манба.
Ҳозирда Салоҳ йилига 20 миллион фунтдан ортиқ маош олади. Айнан шу молиявий талаблар унинг “Атлетико”га ўтиши йўлидаги асосий тўсиқ бўлиши мумкин. Мадридликлар тажрибали, тезкор ва ҳал қилувчи футболчини қўлга киритишни хоҳлаши мумкин, аммо иқтисодий жиҳатдан бу трансфер жиддий ҳисоб-китоб талаб қилади.
Қисқаси, Муҳаммад Салоҳнинг келажаги ҳали очиқ турибди. Саудия варианти бор, Европада қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. “Атлетико” эса жуда қизиқ йўналиш: Симеоне футболига Салоҳнинг тезлиги ва тажрибаси қўшилса, бу Мадридда катта сюжет бўлади. Аммо ҳозирча асосий савол битта — маош масаласи қандай ҳал қилинади?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!