Барселона Тоттенхем ҳимоячиси Кристиан Ромеро учун ҳаракат бошлади

Барселона жамоаси ёзги трансфер ойнаси учун ўзининг асосий ҳимоя нишонини аниқлаб олди. Каталонияликлар Тоттенхем марказий ҳимоячиси Кристиан Ромеро трансфери бўйича жиддий қизиқиш билдирмоқда. Sport нашрининг хабар беришича, спорт директори Деко Алессандро Бастони номзодидан воз кечиб, бор эътиборини Аргентина терма жамоаси аъзосига қаратган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Тоттенхем ўз етакчиси учун камида 60 миллион евро талаб қилмоқда. Бироқ, Барселона раҳбарияти бу нархни пасайтиришга умид қилмоқда. Лондон клубининг Англия Премер-лигасидаги ҳолати ва қуйи лигага тушиб кетиш хавфи трансфер қийматига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Агар Тоттенхем элитани тарк этса, ҳимоячининг нархи кескин тушиши кутилмоқда.
Ҳозирда Кристиан Ромеро ва Тоттенхем ўртасидаги муносабатлар совуқлашган. Футболчи тиззасидан олган жароҳатини Англияда эмас, балки Аргентинада, собиқ клуби Белграно базасида даволатмоқда. Бу ҳолат Лондон клуби мухлисларининг норозилигига сабаб бўлди ва унинг жамоадан кетиши ҳақидаги гап-сўзларни янада кучайтирди.
Барселона мураббийлар штаби Ромеронинг тажовузкор ўйин услуби ва етакчилик қобилиятини Ханси Флик тизими учун жуда мос деб ҳисобламоқда. Шунга қарамай, клуб молиявий чекловлар туфайли муқобил вариантларни ҳам кўриб чиқмоқда. Рўйхатда Рома ҳимоячиси Эван Ндикка ва Саудия Арабистони чемпионатидаги арзонроқ вариантлар ҳам бор.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!