Криштиано Роналдо ўйнамаса Португалия кучлироқ бўладими?

Португалия терма жамоаси сардори Криштиано Роналдо ўз фаолиятидаги сўнгги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда, бироқ унинг жамоадаги ўрни яна қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ал-Насср ҳужумчиси ўзининг бой коллекциясидаги ягона етишмаётган совринни қўлга киритишни кўзлаётган бир пайтда, АҚШ терма жамоасининг собиқ юлдузи Тайлор Твеллман кутилмаган баёнот билан чиқди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Твеллманнинг фикрича, 2026-йилги Жаҳон чемпионати арафасида Роберто Мартинез ихтиёрида бўлган юлдузли таркиб Криштиано Роналдо захирада қолсагина ўзининг энг яхши ўйинини кўрсата олади. "Бу Португалия тарихидаги энг кучли таркиб. Менимча, Роналдо ўйнамаса, жамоа янада самаралироқ ҳаракат қилади", — дея таъкидлади эксперт.
Роналдосиз таркиб тарафдорлари Португалия терма жамоасидаги ақлбовар қилмас захира кучига эътибор қаратишмоқда. Аввалги турнирлардан фарқли ўлароқ, эндиликда гол уриш масъулияти фақат КР7 зиммасида эмас. Бруно Фернандес, Бернардо Силва ва Рафаел Леао каби ижодкор футболчилар билан бир қаторда, Гонкало Ramос ва Педро Нето каби ҳужумчилар ҳам жамоанинг ҳужумкорлигини таъминлай олади.
Ҳимоя чизиғида ҳам Рубен Диас, Нуно Мендес ва Жоау Канцело каби дунё даражасидаги ижрочилар борлиги Португалияни ҳар қандай рақиб учун хавфли жамоага айлантиради. Кўплаб мутахассислар жамоа замонавийроқ ва юқори прессингга асосланган футболга ўтиши кераклигини, бу эса 41 ёшли Роналдонинг жисмоний ҳолатига мос келмаслигини айтишмоқда.
Криштиано Роналдо учун ушбу турнир рекорд даражадаги олтинчи Жаҳон чемпионати бўлади. Унинг азалий рақиби Лионель Месси амалдаги чемпион сифатида мусобақага ташриф буюраётган бир пайтда, Роналдо ўзининг буюк фаолиятини жаҳон тожи билан якунлашни истайди. Роберто Мартинез ҳозирча ўз сардорини қўллаб-қувватламоқда ва гуруҳ босқичида Ўзбекистон, Колумбия ҳамда Конго ДР каби рақибларга қарши баҳсларда унинг тажрибасига таянмоқчи.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!