Ламине Ямал нима учун босим сезмаслиги ва ўзини суперқаҳрамон деб билиши ҳақида

Барселона ва Испания терма жамоасининг ёш юлдузи Ламине Ямал дунёнинг энг йирик стадионларида қандай қилиб ҳаяжонсиз ва эркин ҳаракат қилиши ҳақида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, бундай хотиржамлик болалигидан бери фақат футбол билан шуғулланиб келаётгани ва бу ишни мукаммал билиши билан боғлиқ. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
18 ёшли иқтидор эгаси ўзининг ҳозирги ҳолатини ҳазил аралаш оддий иш фаолияти билан солиштирди. «Агар мен ўзим билмайдиган ишни қилганимда, масалан, бирор идорада оддий ишда ишлаганимда, хато қилиб қўйишдан қўрқиб, қаттиқ асабийлашган бўлардим. Лекин футбол — бу менинг бутун умрлик машғулотим. Майдонда ўзимни уйимдагидек ҳис қиламан. Трибунада ота-онам менга фахр билан қараб турганини кўриш эса барча босимни олиб ташлайди», — деди Ямал FIFA нашрига берган интервюсида.
Ёш ҳужумчи ўзининг энг юқори формасига кирган пайтдаги ҳис-туйғуларини суперқаҳрамонликка қиёслади. Унинг таъкидлашича, ўйин қовушган пайтда у ўзини енгилмасдек ҳис қилади. «Бу худди суперқаҳрамон бўлишга ўхшайди — ҳамма нарса ўз-ўзидан амалга ошади. Мен тезроқ, кучлироқ бўламан ва адреналин бутун танамни қамраб олади. Жаҳон чемпионатида ҳам айнан шу даражага чиқишни истайман», дея қўшимча қилди футболчи.
Ямалнинг ўйин услуби кўп жиҳатдан унинг кайфиятига боғлиқ. У қанотларда эркин ижод қилишни ёқтиради ва агар ўйиндан завқ олмаса, унинг самарадорлиги пасайишини тан олди. «Менинг ўйиним креативликка асосланган. Агар завқланмасам, ҳамма нарса зерикарли ва илҳомлантирмайдиган бўлиб қолади. Европа чемпионатидаги каби бахтли бўлганимда эса, майдонда ўзимни мутлақо эркин ҳис қиламан», — дея тушунтирди Барселона юлдузи.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!