13:56 / 29.12.2018
3 753

2018 йилда қимматлашган футболчилар ўнлиги (фото)

2018 йилда қимматлашган футболчилар ўнлиги (фото)
Жаҳон чемпионати ўтган 2018 йилда бир қанча машҳур футболчиларнинг нархи янада қимматлашди. Қуйида шундай футболчилар ўнлиги (transfermarkt маълумотлари бўйича) тақдим этилади.

1. Килиан Мбаппе
Клуби: «ПСЖ»
Ёши: 20
Йил бошидаги трансфер нархи: 90 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 200 миллион евро
Ўсиш: 110 миллион евро (122,2 фоиз)

Бу йигитча бир йилда «ПСЖ» билан 3 кубок ютди, Франция терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлди ва турнирнинг энг яхши ёш футболчиси бўлди. Йил охирида эса «Олтин тўп»га даъвогарлар орасида тўртинчи ўринни эгаллади.

2. Муҳаммад Салоҳ
Клуби: «Ливерпуль»
Ёши: 26
Йил бошидаги трансфер нархи: 40 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 150 миллион евро
Ўсиш: 110 миллион евро (275 фоиз)

Мисрлик футболчи бу рўйхатга мундиалдаги иштироки туфайли эмас, «Ливерпуль»да ўтган мавсумда кўрсатган ёрқин ўйинлари эвазига кирди. У жаҳон чемпионати арафасида, ЕЧЛ финалида елкасидан жароҳат олгани туфайли кутилган ўйинни намойиш эта олмади. Аммо у Россиядаги турнирда Мисрнинг иккита голига ҳам ўзи муаллиф бўлди. Жорий мавсум бошида ҳам Салоҳ ўйинида пасайиш кузатилди, аммо йил охирига келиб уни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаяпти.

3. Эден Азар
Клуби: «Челси»
Ёши: 27
Йил бошидаги трансфер нархи: 75 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 150 миллион евро
Ўсиш: 75 миллион евро (100 фоиз)

Азар кўп йиллардан буён юқори спорт формасини сақлаб қолмоқда. Ўтган мавсумда у лондонликлар жамоаси билан Англия Кубогида ғалаба қозонди, жаҳон чемпионатида Бельгия билан учинчи ўринни қўлга киритди ва Лука Модричдан кейин турнирнинг энг яхши иккинчи футболчиси бўлди. Янги мавсумда «Челси»ни Маурисио Сарри бошқармоқда ва у Эденнинг янги қирраларини очишга муваффақ бўлди. Италиялик мутахассис бу футболчидан «алдамчи тўққизлик» сифатида фойдалана бошлади.

4. Кевин де Брюйне
Клуби: «Манчестер Сити»
Ёши: 27
Йил бошидаги трансфер нархи: 75 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 150 миллион евро
Ўсиш: 75 миллион евро (100 фоиз)

Де Брюйне «Сити» билан Англияда 4 асосий совриндан 3тасини қўлга киритди ва ўтган мавсумда премьер-лиганинг энг яхши ассистенти бўлди. У ЖЧ-2018 турнирида ҳам 3та голга ҳаммуаллиф бўлди, Бразилияга қарши чорак финал ўйинида ғалаба голини урди (2:1). Бу мавсумда эса Кевин икки марта жароҳат олди ва деярли ўйнамади. Бироз олдинроқ сафга қайтган футболчи «Лестер» ва «Кристал Пэлас»га қарши ўйинларда майдонга тушди, аммо унинг қайтиши жамоасининг инқироз даврига тўғри келиб, бу икки ўйинда ҳам «шаҳарликлар» мағлуб бўлишди.

5. Фелиппе Коутиньо
Клуби: «Барселона»
Ёши: 26
Йил бошидаги трансфер нархи: 65 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 140 миллион евро
Ўсиш: 75 миллион евро (115,4 фоиз)

Январь ойида «Ливерпуль»дан «Барселона»га ўтган бразилиялик футболчининг трансфер қиймати ўз-ўзидан ошди. Қолаверса, футболчининг ўзи ҳам каталонияликлар таркибида ўзини кўрсата олди. Бу клубда яримҳимоячилар танлови кўп бўлишига қарамай у асосий таркибдан муқим жой ола олди. Эрнесто Вальверде асосий ўйинларда жанубий америкалик ҳавбекка ишонч билдирмоқда.

6. Ҳарри Кейн
Клуби: «Тоттенҳэм»
Ёши: 25
Йил бошидаги трансфер нархи: 80 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 150 миллион евро
Ўсиш: 70 миллион евро (87,5 фоиз)

Жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари бу рўйхатдан жой олмаслиги мумкин эмасди. Қолаверса у АПЛда ҳам «Тоттенҳэм» сафида қалаштириб голлар урмоқда. У Лондон жамоасида жорий календар йилида 49 ўйинда 32 голга муаллифлик қилди.

7. Раҳим Стерлинг
Клуби: «Манчестер Сити»
Ёши: 24
Йил бошидаги трансфер нархи: 50 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 120 миллион евро
Ўсиш: 70 миллион евро (140 фоиз)

У йилнинг иккинчи ярмидан юқори спорт формасига кирди. Жаҳон чемпионатидан кейин ўйини кучайган Стерлинг «Сити»нинг асосий голларини ура бошлади. Октябрь ойида эса у уч йилдан буён илк марта Англия терма жамоасида гол уришга эришди - унинг дубли Миллатлар Лигаси доирасида Испанияга қарши ўйинда терма жамоага муҳим ғалабани тақдим этди.

8. Лерой Сане
Клуби: «Манчестер Сити»
Ёши: 22
Йил бошидаги трансфер нархи: 45 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 100 миллион евро
Ўсиш: 55 миллион евро (122,2 фоиз)

Сане мундиал учун таркибга чақирилмагани ёш футболчидан кўра Германия терма жамоасига ва бош мураббий Йоахим Лёвга салбий таъсир кўрсатди. «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиола билан ҳамкорлик уни янги поғонага кўтарган, испаниялик мутахассис немис футболчисининг имкониятларини очган.

9. Антуан Гризманн
Клуби: «Атлетико»
Ёши: 27
Йил бошидаги трансфер нархи: 100 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 150 миллион евро
Ўсиш: 50 миллион евро (50 фоиз)

Россиядаги жаҳон чемпионатидаги триумфдан кейин фақат уни ФИФА, УЕФА ва «Олтин тўп» соврини ташкилотчилари ҳам тан олиши қолганди. Аммо ҳозирча бундай бўлиб чиқмади, лекин у кейинги йилларда ҳам соврин учун асосий номзодлардан бири бўлиб қолаверади.

10. Нгола Канте
Клуби: «Челси»
Ёши: 27
Йил бошидаги трансфер нархи: 50 миллион евро
Йил охиридаги трансфер нархи: 100 миллион евро
Ўсиш: 50 миллион евро (100 фоиз)

Футбол тарихидаги энг камтар ва одобли бу футболчи нафақат Англия чемпионатидаги ўйинлари орқали, балки Франция терма жамоасидаги аҳамияти билан ҳам бу рўйхатга муносиб эди. У қаерда бўлса ҳам жамоадошларининг хатоларини тузатиб келмоқда, у французлар яна бир бор жаҳон чемпиони бўлишида асосий ишларни бажарганлардан бири бўлди. У кейинги бир йил ичида ўзининг тактик арсеналини янада кенгайтирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 2018 йилда қимматлашган футболчилар ўнлиги (фото)