Чет эллик мураббий ҳақида: «Денисов эффекти»

  • 22 январь 2019, 18:37
  • 3 266
  • Спорт
  • Чет эллик мураббий ҳақида: «Денисов эффекти»
    Осиё Кубогида нимчорак финалда курашни тўхтатдик. Бу биз учун яхши натижа эмас, 2004 йилдан бери футболчиларимиз гуруҳ босқичини мунтазам ҳал қилиб келишган. Ҳатто олдинги турнирларда камроқ жамоа қатнашганлигидан, гуруҳларимиз ҳам нисбатан кучлироқ бўлгани ҳам шубҳасиз. Хўш, нимага эришилди Купер билан? Агар натижа ўша ҳолатда қолган бўлса, биз яна нималарга эга бўлдик ўзи? Машҳур латифадагидек, поездга бир соат кеч қолиш билан икки соат кеч қолиш ўртасида фарқ борми?

    2011 йилги «Boxing Day» байрами куни кечқурун Уэйн Руни рафиқасини ва жамоадош дўстлари Гибсон ва Эвансни олиб, тунги клубга чиқади. Эртаси кунги машғулотларда бу уч футболчининг ҳолати Алекс Фергюсонга ёқмайди ва бир кун олдинги маишатдан ҳам хабар топгач, уларни 31 декабрь куни бўлиши керак бўлган «Блэкберн»га қарши ўйин қайдномасидан ўчириб ташлайди. Шундоқ ҳам таркибда муаммоларга (масалан, Видич ва Фердинанд жароҳат олган, Эванснинг йўқлиги туфайли эса, ўша куни ҳимоя марказида ёш Фил Жонс ва ярим ҳимоячи Кэррик ўйнаган) эга бўлган жамоага бу уч йўқотиш ҳам салбий таъсир кўрсатади ва «Блэкберн» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонади.

    Ўшанда «Манчестер Юнайтед» Англияда чемпионлик учун курашаётганди. Мавсум охирида «МЮ» ва «Манчестер Сити» бир хил очко тўплаган ва фақат тўплар нисбати бўйича «Сити» чемпионликни илиб кетганди. «Блэкберн» билан ўйинда қўлга киритилиши керак бўлган очколар, амалда «МЮ»ни совриндан маҳрум қилганини қаранг. Фергюсон ўша қарори якуний натижага таъсир қилгани ҳақида ўйлаб пушаймон бўлганмикин? Нима деб ўйлайсиз?

    Менимча, йўқ. Ҳақиқий мураббий, кучли мураббий натижанинг кетидан қувиб, ўз принципларидан воз кечмайди, аксинча, айни ўша пайтда қабул қилиши мумкин бўлган энг тўғри қарорни қабул қилади. Тамом. Агар ҳаммаси мана шу ўлчовлар асосида кетса, натижа ҳам, ўсиш ҳам албатта бўлади. Юқоридаги ҳикоядаги кемтик жойи ҳам шу: Руни ва унинг шериклари Фергюсон бошчилигида кейинги мавсумни 12 очколик фарқ билан муддатидан олдин чемпионлик билан якунлашди. «Манчестер Сити» эса, мисол учун, Тевес, Балотелли можаролари билан ўралашиб қолди. Фергюсон тўғри қилганди.

    Агар Австралияга қарши ўйинда чап қанотимизда Виталий Денисов ўйнаганида, яхшироқ натижага эришишимиз мумкин эди, деган фикр менинг хаёлимдан ҳам ўтди, албатта. Ўйин бўлаётган пайтда, тўп Зотеев ёки Сайфиевга келганида, бир муддат уларнинг ўрнида Денисовни тасаввур қилиб кўринг-да, яхшироқ кросс, яхшироқ пас, яхшироқ дриблинг, умуман кучлироқ ўйинни кўз олдимизга келтиришимиз жуда осон. Денисов бу - Денисов.

    Аммо ҳаммаси бу даражада осон эмас. Денисовнинг ўрнини фақат Денисовнинг ўрнидан қидирманг. Келинг, сал кенгроқ ўйлаб кўрайлик. Денисов ва Рунининг ҳолати бир-бирига ўхшамайди, тўғри. Денисов тартибни бузмади, хато қилмади. Шунчаки, Купер айни пайтда Осиё Кубогига Денисовни чақирмасликни тўғри қарор деб билди. Нохолислик ёки бошқа манфаат йўқ, мураббий қарори холос. Купернинг қарори! Бошқа бирор мураббий, балки Гвардиола ёки Моуриньо Денисовни таркибга жалб қиларди. Бошқа бирор мураббий, балки Клопп ва Сарри жалб қилмасди. Лекин биласизми, ўзбекистонлик Про-лицензиясини олган барча 50 мураббий, балки кўпроқ, хуллас ҳаммаси, Денисовни таркибга жалб қилган бўларди.

    Яъни, бу ҳолатдаги ижобий жиҳат шундаки, терма жамоамиз учун бериладиган қарорларда мураббийнинг қарори, унинг айнан футбол нуқтаи назаридан ўйлаган режаси энг устун жиҳат бўлиб қолмоқда. Якунда бу қарор ўзини оқладими, ёки оқламадими, бу бошқа масала.

    Буни юқоридаги усулда ўлчаб бўлмайди ҳам. Денисовнинг таркибга олинмагани қолган 23 футболчига қандай таъсир қилиши мумкинлигини биласизми?

    «Футболчининг ўтмиши, машҳурлиги, номи ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, Купер учун. Демак, айни пайтда ким ўзини кўрсата олса, ўша майдонга тушади. Ҳатто Денисовдан воз кечилди-ку» – бу фикр ҳар бир футболчига таъсир қилгани аниқ. Гўёки, терма жамоамизда алмаштириб бўлмас ўринга эга бўлган Аҳмедов, Нестеров, Исмоилов ёки бошқа футболчилар ҳам, энди ўз ўринлари учун қайғура бошлашди, сўнгги йиғинда кўпроқ тер тўкишларига тўғри келди. Ёки айнан шундай футболчилар тўп сурадиган позициялардаги бошқа футболчилар ҳам агар ўзларини кўрсата олишса, асосий таркибда ўйнаш имконияти борлигини англаб етишди ва яхшироқ шуғулланишди.

    Агар Купер айни пайтда керак эмас деб ҳисоблаган Денисовни барибир, кимнингдир босимидан ёки эртага, натижа бўлмай қолса танқид қилинишидан қўрқиб, таркибга жалб қилганда нима бўларди? Денисовга ўхшаган бошқа футболчилар таркибдаги ўрни нақд эканига ишониб қолиб, бу қадар машғулотларга зўр беришмасди. Ёки шу позициялардаги бошқа футболчилар, барибир таркибда кимлар тўп суриши, етакчилар аниқ эканини ҳисобга олиб, бошқача муносабатда бўлишарди.

    Қаранг, Шомуродов иккинчи бўлимда тушганига қарамасдан (Уммонга қарши ўйинда), ўйинга тайёр эди, Бикмаевдан таркибдаги ўрнини тортиб олди. Ҳошимов, Ҳамдамов каби футболчилар Шоаҳмедов ёки Рашидовдан фойдалироқ эканликларини айнан майдонда исботлашди. Футболчиларимиз Австралиядан икки кун камроқ тикланиш вақтига эга бўлишганига қарамасдан, 120 дақиқа тенгма-тенг югуришди, сўнгги бўлимда ҳатто юқори прессинг қилиб, устунлик қилишди. Буларнинг барчаси айнан турнир олдидан ўтказилган оғир машғулотлар, терма жамоага бўлган муносабат, қисқаси Денисовнинг шарофатидан эмасми?

    Ёки Элдор Шомуродовни олайлик. Биз ЖЧ-2018 саралашининг бошидан охиригача яхши ҳужумчи етишмаслигидан, бундай муаммо бутун дунёда борлигидан ёзғириб келдик. Сергеевнинг голларига эмас, ҳимояга ёрдам бераётганига ёки ҳимоячиларга босим уюштираётганига қаранглар, деган жавобларни тинглаб келдик. Айни ўша пайтларда ҳам бизда Шомуродов бўлган, аммо айнан Сергеевга олдинда имконият берилиши учун, Элдор қанотларда, тушунарсиз позицияларда ўйнаб юрганига нима дейсиз? Ўзбекистон терма жамоаси тарихида бир Осиё Кубогида энг кўп (4) гол урган, умуман, БААдаги турнирнинг ҳозирча энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлиб турган Элдор Шомуродов бир йил олдин ҳам бор эди-ку, ихтиёримизда, тўғрими?

    Чет эллик мураббийнинг терма жамоамиз учун ижобий таъсири ҳақида гап кетганда, бу «хамир учидан патир». Мен шунчаки, фақат бир жиҳатни мисол келтирдим холос. Услуб, тактика, ҳужумкорлик, ҳимояга эътибор қаратиш, эҳтиёткорлик – буларнинг ҳаммаси кейинги даражадаги масалалар. Чунки, дунёдаги ҳар қандай мураббий атайлаб, ҳимояга ётиб олмайди. Ўз жамоасининг имкониятларидан келиб чиқиб режа қилади.

    Аслида, ўзини ҳурмат қилган чет эллик мураббий футболимизга анча кўпроқ нарса беради, бермоқда. Терма жамоа муҳити, унга бўлган раҳбарларнинг, мухлисларнинг, футболчиларнинг муносабати юқорироқ босқичга кўтарилди. Миллий терма жамоа ростан ҳам ҳақиқий футбол жамоасига, яъни фақат футбол нуқтаи назари ва футбол манфаатлари бошқарадиган жамоага айланди. Бунинг учун қандайдир олти ой етарли бўлди холос.

    Ўзбекистон ФА терма жамоамизни ривожлантириш, бир қадам юқорироқ босқичга олиб чиқиш учун чет элдан мураббий таклиф қилиш қарорини қабул қилганида ҳақ эди. Ўша мураббий Эктор Купер бўлгани ҳам у қадар нотўғри ечим эмасди. Тан олиш керак, аргентиналик мураббий қисқа вақт ичида терма жамоамизни ўзгартира олди. Энг муҳими, жамоа тўғри йўналишда ҳаракатланмоқда. Фақат ҳимояланиш эмас, тўпни қандай сақлаб туриш, назорат қилиш борасида ҳам ҳаракатлар сезилмоқда.

    Мана шу йўлни шартта кесиш ва нимчорак финалга чиқишни ўзимизнинг мураббийлар ҳам эпларди, деган саёз баҳо билан янги эски тизимга қайтиб қолишни истамасдим. Бу нафақат бугунги футболимизни, балки келажакдаги муҳим қарорларимизга ҳам таъсир қилади. Эртага, яна чет эллик мураббий масаласи ўртага ташланганда, «ана, Купер ҳам ҳеч нарса қила олмаганди-ку?» деб фақат нимчорак финал натижаси асос сифатида келтирилишини истамайман.

    Бу нотўғри ўлчов. Ҳайдаровни Купердан, Қосимовни Сколаридан кучли эканини кўрсатадиган тарози, менимча, бузуқ тарози...
    Қаҳрамон Асланов

    Манба: Kun.uz

    » » Чет эллик мураббий ҳақида: «Денисов эффекти»