00:48 / 29.06.2020
2 179

Остон Ўрунов: Энг муҳим ва тўғри маслаҳатни Одил Аҳмедов берган!

Остон Ўрунов: Энг муҳим ва тўғри маслаҳатни Одил Аҳмедов берган!
Россия премьер-лигаси дебютанти Остон Ўрунов етакчилик қобилияти билан хорижлик мухлису мутахассисларнинг ҳам эътиборини қозонмоқда. Россиядаги футбол экспертлари ўзбек футболчиси яқин келажакда Европанинг кучли чемпионатларида тўп суришига қатъий ишонч билдирмоқда. Шу боис россиялик ҳамкасбларимиз Остон Ўруновни суҳбатга чорлаб, унинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқишди.

- Мен “Уфа”нинг “Краснодар” ва “Тамбов”га қарши ўтказган учрашувларини томоша қилдим. Тан олишим керак, Ўруновнинг ўйинини кўргани эмас. Лекин ўзбек футболчиси бу ўйинларда ўз маҳорати ва ҳаракатлари билан бошқалардан яққол ажралиб, кўзга ташланиб турди. Айниқса, унинг дриблинги эътиборимни тортди.

“Уфа” ўзбек футболчисини Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан тахминан 150-200 минг евро эвазига олиб келган. Эндигина 19 ёшга тўлган футболчи юқори лигаларда 50 дан ортиқ учрашувда майдонга тушиб, Ўзбекистон терма жамоасида ҳам дебютини нишонлаган экан. Биз бу истеъдодли йигит яқин келажакда катта клубларда тўп суришига аминмиз. Шунинг учун вақт борида Остон билан суҳбатлашиб, унинг фикрларини ёзиб олишга қарор қилдик
, - деб ёзади matchtv.ru блоггери Егор Кузнец.

- Мен мўъжазгина, лекин жуда чиройли ва озода Навоий шаҳрида туғилганман, - дейди Остон Ўрунов журналист билан суҳбатда. – Ҳар куни маҳаллада уч соатлаб тўп тепардим. Футбол майдони йўқ эди, асфальт устида ўйнардик.

9 ёшимда отамдан мени футбол мактабига олиб боришни сўрадим. Дадам жуда меҳрибон инсон, нима қилишимдан қатъи назар ҳеч қачон овозини кўтармаган. Мен кўча боласи эдим, доим муштлашардим, характерим оғир эди. Қолаверса бир икки йил каратэ билан шуғулланганим учун ўзимни кўрсатгим келарди. Лекин дадам тергамас эди. Ҳозир улғайиб, ўзимни ва ҳиссиётларимни босиб олганман.

Футбол мактабидан шаҳар терма жамоасига олишди ва биз Фарғонага турнирга бордик. Ўша ерда “Пахтакор” скаутлари назарига тушдим. 12 ёшимда уйимдан 350 километр узоқда бўлган интернатга йўл олдим. Бу катта синов эди. Зерикардим, йиғлардим, ота-онамга телефон қилиб олиб кетишларини сўрардим. “Пахтакор”да ўйнашни истамайман, уйга кетгим келяпти, - деб нолирдим. Кейинроқ орзуларга етишиш учун сабрли бўлиш кераклигини тушиниб етдим.

Мен ота-онамдан жуда миннатдорман ва уларни аввалгидек кўп меҳнат қилишларини истамайман. Аввал улар тандирда нон ёпиб, сотишарди. Бу жуда оғир ва машаққатли меҳнат. Футболдан пул топа бошлаганимдан кейин улардан бу ишни қилмасликларини сўрадим. Ҳозир акам Достон билан уларни ўзимиз таъминлаяпмиз.

Менинг исмим жуда ноёб. Ўзбекистонда биттагина адашим борлигини биламан. Ота-онам билан жуда яқин муносабатдаман. Ҳозир ҳам ҳар куни суҳбатлашамиз. Дадам доим бир хил тарзда “Қани ҳаракатингни қил, ўзингни кўрсатишинг керак”, - дейди. Бу мени илҳомлантиради.

Аслида рус тилида гаплаша оламан, лекин янада эркин суҳбатлашиш учун озига вақт ва кўникма керак. Рус тилини мактабда ўқиганмиз. Тўғрисини айтсам, дарсни ухлаб ўтказардим, уч баҳога ўқиганман, 7-синфдан кейин мактабга жуда кам борардим. Лекин рус тилини ўрганиб олган эканман. Инглиз тилини ўқимаганман, лекин ўрганишим керак.

16 ёшимда Ўзбекистон профессионал футбол лигасида дебютимни нишонладим. Тўғриси, умуман ҳаяжонланмадим. Одатда, мени ҳаяжон босмайди. “Уфа”да ҳам дебютимдан кейин шуни сўрашди. Мен хотиржамман, асабийлашганим йўқ, деб жавоб бердим. Ҳақиқатан ҳам шундай.

“Навбаҳор”да Андрей Канчельскис қўл остида ўйнаганимда рус тилини анча яхши ўзлаштирдим. У яхши мураббий ва зўр инсон. Қолаверса, Самвел Бабаян ҳам рус тилида иш юритарди. Ҳозиргача у билан алоқадаман, мен учун кўп яхшилик қилган.

“Навбаҳор”да кучли футболчи сифатида шаклландим, ўсдим. Клуб президенти аввалига мени қўйиб юборгиси келмаган. Кейин менинг ўйинчи сифатида ўсишимни истагани учун “Локомотив”га ўтишимга розилик берди. Ўйинимда ўсиш рўй берганидан кейин мани мамлакатнинг энг яхши ёш футболчиси, деб эътироф этишди ва терма жамоадан таклиф олдим.

Шундан сўнг, одамлар мени кўчада таний бошлашди, мен бунга хотиржам муносабатда бўлдим. Болалар суратга тушишни сўрашади. Бу ёқимли. Лекин ўзимдан кетиб қолмаслигим кераклигини биламан.

Умуман олганда, менга таянч зонада тўп суриш қулай. Кўп югуриш ва тўпни олиб қўйишни яхши кўраман. Қанот ҳужумида эса тўпни кутиб, кўп туриб қолишга тўғри келади. Дриблингим туфайли мураббийлар мендан қанотдан ҳужум уюштиришимни талаб қилишади. Шу боис самарадорликни оширишим керак. Мен ҳаммасига – таянч зонада, ҳимоя марказида (болалигимда марказий ҳимоячи бўлганман) ёки бутун қанот бўйлаб ўйнашга тайёрман.

“Уфа”га келишимдан олдин, менда Хитой ва араб жамоаларидан кўплаб таклифлар бор эди. Ҳар куни агентлар турли шартномалар таклиф қиларди. Жиддий жамоалар ҳам бор эди. Лекин ҳеч кимга жавоб бермадим. Чунки Европада тўп суришни истайман. “Уфа” шу мақсадим йўлида ўзига хос трамплин бўлиши учун шу ерга келдим.

Уфа шаҳри менга ёқди. Аслида уйдан ташқарига кўп чиқмайман. Айланиб юришни ёқтирмайман. Баъзан масжидга бораман. Аксарият ҳолларда уйдаман. Мусиқа эшитаман. Айтганча, бу фойда берди. “Уфа”да янги ўйинчилар куйлаб бериши анъана экан. Мен аввалига уялдим. Кейин ўзбекча рэп айтиб бердим. Умримда биринчи марта шундай бўлди.

Россия чемпионати ўйинларини кам томоша қилганман. Одатда, телевизорда футбол кўрмайман, менга майдонда ўйнаш маъқул. Лекин Одил Аҳмедовнинг ўйинлари эсимда. У билан муносабатларимиз яхши. Менга жуда муҳим ва тўғри маслаҳат берган. Мен тўпни кўп ушлаб турардим ва кам пас берардим. Бир марта Одил “бир марта рақибни алдаб ўт ва бир марта тўпни узат”, - деган. Ўшандан буён шу тарзда ўйнайман.

Энг катта орзум бу Ўзбекистон терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига йўлланма олиш. Бутун ўзбек халқи шуни истайди. Насиб қилса, Қатардаги жаҳон чемпионатига чиқамиз. Ўзим эса келажакда “Манчестер Юнайтед”, “Реал” ёки “Ювентус”да тўп суришни хоҳлайман. Нега шундай бўлмаслиги керак? Ҳаммасининг имкони бор. Ўша жамоаларда ўйнай олишимга чин дилдан ишонаман. Ҳозир эса бор эътиборимни “Уфа”га қаратганман.

Яна бир ниятим, қачонлардир “Ламборжини” сотиб олиш. Ҳозир бунинг имкони йўқ. Қолаверса, ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам олмаганман.

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Остон Ўрунов: Энг муҳим ва тўғри маслаҳатни Одил Аҳмедов берган!