00:30 / 26.07.2020
3 238

Тожикистоннинг Ўзбекистонга қарши ўйиндан кўзлаган мақсади нима?

Тожикистоннинг Ўзбекистонга қарши ўйиндан кўзлаган мақсади нима?
Яқинда ён қўшнимиз – Тожикистон миллий терма жамоасининг бир ҳафталик машғулот бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Охирги пайтларда эса тожик футболига бўлган эътиборимиз ортгани ҳам ҳақиқатга тўғри келади. Биринчидан, терма жамоасини ҳамюртимиз Усмон Тошев бошқармоқда, иккинчидан эса сентябрь ойининг дастлабки кунларида Тожикистон Тошкентда Ўзбекистон билан ўйнайди.

Ўзингиз яхши тушуниб турганингиздек, тожикистонликлар Усмон Тошев бошқарувида машғулотларга киришишгани бежиз эмас. Тўғри, октябрь ойида расмий учрашувлар ўтказилади ва асосий эътибор ЖЧ саралашларига қаратилган. Лекин олдинда турган дастлабки вазифа эса Ўзбекистон билан ўйинга қаратилгани ойдек равшан. Тожикистон термасини бошқариб бораётган Усмон Тошев эса учта жиҳат: терма жамоасининг тайёргарлиги, Ўзбекистонга қарши ўйин ҳамда жамоамизнинг бугунги кучи ҳақида гапирди.

Ўзбекистон, БАА ва Баҳрайн – булар Тожикистон термасининг ўртоқлик баҳсларидаги рақиблари
- Худога шукр, бизда ҳаммаси яхши, соғ-саломатмиз ва ишни бошлаб юбордик. Бир ҳафта давомида режа бўйича шуғулланяпмиз, 26 июль куни машғулотни тугатамиз ва футболчилар клубларига қайтишади. 1 августдан Кубок баҳслари бошланади. Тайёргарлик давомида ўйинчиларимиздан тест олинди, ҳаммаси жойида. Албатта, барибир пандемиянинг таъсири бор, бундан кўз юмиб бўлмайди. Чунки етти ой шуғуллана олмадик.

Лекин футболчилар билан яна йиғилиб, машғулотларга киришганимизда бизнинг услубларимизни, кўрсатмаларимизни эслаб, нимани хоҳлаётганимизни ҳис қилишяпти. Умид қиламанки, сентябрь ойигача яхши тайёргарлик кўра оламиз. Ушбу йиғиндан кейин маълум вақт ўтгач, йигитларни тўплаб яна бир ҳафталик машғулот ўтказамиз. Илоҳим, келишганимиздек, Ўзбекистон билан ўйинни ўз вақтида ўтказиб олайлик. Кейин эса Тошкентдан тўғри БААга кетишимиз керак. Ўзбекистон билан ўйиндан сўнг БАА терма жамоаси билан ҳам ўртоқлик учрашувини ўтказиш бўйича келишиб олганмиз. Худодан йўллар очиқ бўлишини ва тезроқ касаллик тугашини сўраяпмиз.

Ҳозирча режаларимиз шу. Кейин эса ўзингиз ҳам биласиз, октябрда ФИФА кунлари ва жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувлари давом эттирилади. Биз 8 октябрь куни Монголия билан ўйнаймиз. 13 октябрда дам оламиз. Аммо ўша куни шунчаки бўш қолиб кетмоқчи эмасмиз. Сафарда Баҳрайн терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказамиз, насиб бўлса. Бизга раҳбарият ҳар томонлама ёрдам беряпти, ҳеч қанақа муаммо йўқ.

Тожикистон терма жамоаси устози Ўзбекистон билан бўлажак учрашувга ўзгача таъриф берди
- Биласизми, ўртоқлик ўйинлари ҳар бир мураббий учун фақат тайёргарлик вазифасини бажаради, бунга 100 фоиз аминман. Зеро, биз учун ҳам худди шундай. Масалан, ўша санада биз ҳеч қандай ўйин ўтказмасдан фақат машғулот билан шуғуллансак ҳам бўлади. Ёки бўлмаса ўша куни жамоамизни икки таркибга бўлиб ҳам ўйин ўтказишимиз мумкин. Лекин машғулот ўз номи билан машғулот, ўйин эса барибир ўйин. Шунинг учун ҳар бир жамоа ўзига қулайроқ рақибларни қидиради. Ўзбекистон билан ўйнаб ўз кучимизни кўриб олмоқчимиз.

Айниқса, Ўзбекистон ҳамда БААга қарши беллашувлар жамоамизнинг жисмоний, техник-тактик ва руҳий ҳолатимизни кўрсатиб беради. Лекин асосий эътиборни октябрь ойида бўладиган расмий учрашувга қаратганмиз. Ўзбекистон билан бўладиган назорат баҳсида ютамизми ё ютқазамизми, бизга аҳамияти йўқ. Бу учрашувни ташкиллаштиришимизнинг маъноси фақат тайёргарлик. Ихтиёримиздаги барча футболчиларни олиб келамиз ва ҳаммасига ўйнаш учун имконият берамиз. Кимдир 10 дақиқа, яна кимдир 20 дақиқа, бошқаси эса тўлиқ ўйнаши мумкин.

Аммо асосий вазифа ғалаба қозониш эмас. Ўзбекистон билан ўйиндан кўзланган мақсад тайёргарлик вазифасини бажариб беради холос.
Мен учун бу ўйиннинг аҳамияти жойи кимга қарши ўйнашимиз эмас, балки қандай ўйнаймиз ва қай тариқа тайёргарлик кўряпмиз? Шу саволларга жавоб олмоқчиман. Ўйлайманки, Ўзбекистон термасида ҳам шундай вазифа бўлади. Улар ҳам биз каби асосий баҳсларга тайёргарлик кўришмоқчи. Ким кимни ютишининг эса фарқи йўқ. Ахир ғалаба қозонган билан барибир уч очкони ҳеч ким бермайди.

Қолаверса, бу учрашув ФИФА рейтингига ҳам таъсир кўрсатмайди. Бу шунчаки ўртоқлик мақомидаги ўйин холос. Мана шундай беллашувда ўз кучимизни кўриб олмоқчимиз. Кучли ва кучсиз жиҳатларимизни аниқлашимиз керак. Лекин Ўзбекистонга қарши жуда яхши ўйин бўлади. Биласизми, мен ушбу учрашувга катта машғулотга тенг бўлган ўйин деган таърифни берган бўлардим. Машғулотлар ҳам турлича бўлади, катта, ўртача ёки кичик машқлар. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга қарши беллашувни катта машғулотга тенглаштиряпман. Ўйинимизни такомиллаштириш учун ҳам ушбу учрашув бизга керак.

Тошев терма жамоамизнинг кучига қандай баҳо беради?
- Ҳали барча жамоалар тўпланиб, шуғулланишаётгани йўқ. Охирги ўйинлар қачон бўлганди? Адашмасам, март ёки ундан олдин эди. Сўнгги ўтказган учрашувларимиздан бери менимча ярим йил ўтди. Лекин Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ўйинчилари ўзимизнинг чемпионатдан бўлади. Ўзбекистон термасида рақобат кучли. Бир позицияга 3-4 нафар ўйинчи курашяпти. Футболда эса мағлубиятлар бўлиб туриши табиий ҳол. Ўйлайманки, Ўзбекистон албатта кейинги босқичга чиқиш вазифасини бажаради. Ўзбекистонлик футболчиларнинг бошқа мамлакатларда ўйнаётганини ҳам кўряпмиз ва улар яхши савиядаги ижрочилар. Қачонки, Ўзбекистон билан ўйнаганимиздан кейин қандайдир хулоса айтишим мумкин. Ҳозир эса ҳамма бир хил вазиятда, - деган фикрларни билдирди Усмон Тошев.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тожикистоннинг Ўзбекистонга қарши ўйиндан кўзлаган мақсади нима?