10:58 / 26.08.2020
2 039

“Барса”дан ё Месси ёки Бартомеу кетади! (Воқеаларнинг батафсил шарҳи)

“Барса”дан ё Месси ёки Бартомеу кетади! (Воқеаларнинг батафсил шарҳи)
Лионель Месси “Барселона”дан кетишини эълон қилганидан кейин юзага келган вазият футбол оламида энг кенг муҳокама қилинаётган мавзуга айланиб бўлди. Тўғриси, борини шу жамоа учун баҳшида этган футболчининг шундай ҳолатга тушиши кутилмаган воқеа бўлди.

Чунки аргентиналик ҳужумчи “Барселона”да ўйнаган илк даврларидан бошлаб, ҳамма унинг фаолияти айнан Каталонияда муваффақиятли якунланишига чин дилдан ишонар эди. Месси – “Барса” рамзи ва афсонасига айланиб бўлган!

Бироқ, олдиндан келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмас экан. Месси ҳам бир кунда клуб учун керакмас футболчига айланиб қолишини ўзи ҳам кутмаган, албатта.

Месси ва клуб раҳбарияти муносабатлари аслида анча олдин дарз кетганди. Аниқроғи, футболчи бошқарув сиёсатидан норози эди. Карантиндан кейинги рестрартда Ла Лигада пешқадамлик мавқеи бой берилганидан сўнг, ҳужумчи норозилигини ошкора намоён этди. У клуб раҳбарияти сиёсатини ўзгартира олишига, уларнинг қарорларига таъсир қилишига ишонганди.

Амалда ундай бўлиб чиқмади. Ла Лигадан сўнг, Чемпионлар лигасидаги шармандали мағлубиятдан кейин Месси ҳам раҳбарият учун аҳамиятини йўқотди. Айниқса, Рональд Куман жамоани қабул қилиб олгач, бир неча йилдан буён “Барса”га садоқат билан хизмат қилиб келаётган “катта” футболчиларнинг барига энди ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйди.

Хусусан, Куман Месси билан суҳбатда энди аргентиналик футболчи бошқалар қатори оддий ўйинчи мақомини қабул қилишга мажбурлигини уқтирган. Бош мураббийнинг “Жамоадаги имтиёзларинг тугади. Энди жамоа учун ишлайсан. Сен ўзинг ҳақингда ўйламай, жамоа учун ўйнашни ўрганишинг керак”, - қабилидаги танбеҳи Мессининг кетиш ҳақидаги фикрларига туртки бўлди. У энди жамоага керак эмаслигини тушунди.

Қолаверса, Месси “Барселона”да етакчилик мавқеини бой берганидан кўра, бошқа жамоага ўтиб кетгани ўзи ва обрўсини сақлаб қолиш учун яхшироқ эканини билади. Шунинг учун футболчи клуб раҳбариятини факс орқали кетиши ҳақида огоҳлантириб, ўзининг трансфери бўйича сўров киритди. Месси раҳбариятга қуйидагича мурожаат йўллади:

“Мен, Лионель Андрес Месси, мазкур мактубга мувофиқ, менга бу ҳуқуқни берувчи 24-сонли банд билан ўзимни ҳимоя қилган ҳолда ҳурматли клуб билан меҳнат шартномамни бекор қилишингизни сўрайман.

Менга меҳнат фаолиятим давомида профессионал тайёргарлик кўриш ва шахсий ўсишимда яратиб берилган имкониятларни қадрлайман. Лекин шахсий қарашларим мен учун ўта оғир бўлган ушбу қарорни қабул қилишимга сабаб бўлди ва бу раҳбарият томонидан қабул қилинишидан умидворман”.

Клуб бунга рад жавобини бергани ҳам маълум.
Айни пайтда “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити”, “Ювентус”, ПСЖ ва “Интер” каби жамоалари Мессини ўз сафига қўшиб олишга тайёр турибди. Уларнинг барчаси Леога ўзи истаган етакчилик ролини беришга рози.

Мутахассислар Мессини фикридан қайтаришнинг бир йўли борлигини таъкидламоқда. Клуб президенти Бартомеунинг истеъфога чиқиши, Леони Каталонияда қолишига сабаб бўлиши айтилмоқда. Чунки футболчи айнан Бартомеунинг сиёсатидан норози ва собиқ бош мураббий Кике Сетьен истеъфо берганида, президентнинг ҳам кетишини кутган эди.

Бартомеу эса, Куман юритаётган сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. У муваффақиятсизликлар учун жавобгарликни Месси ва у билан бирга узоқ вақтдан бери тўп сураётган тажрибали футболчилар зиммасига юклади. Бартомеунинг қатъий позициясига кўра, Месси кетадиган бўлса, уни оладиган клуб 700 миллион евро миқдорида товон пули тўлаши шарт. Пул тўланмаса, Лео шартноманинг сўнгги кунигача Каталонияда қолади. Агар футболчи шартноманинг махсус бандидан фойдаланиб, битимни бир томонлама бекор қилишга уринса, унинг ҳаракати суд орқали тўхтатилади.

Месси атрофидаги воқеалар жамоанинг мухлисларини жумбушга келтирмоқда. Каталонияда Мессининг кетишига қарши намойишлар бошланган. Мухлисларнинг қудратли тўлқини клуб офиси атрофида норозилик ҳаракатларини уюштирмоқда. Улар Бартомеунинг истеъфосини талаб қилмоқда.

“Барселона” директорлар кенгашининг аъзолари орасида ҳам Бартомеуни кетишини истайдиганлар сони ортиб бормоқда. Уларнинг аксарияти клуб афсонасининг қолиши ва фаолиятини шу ерда якунлашини хоҳлайди. Чунки, уларнинг наздида Мессининг кетишига йўл қўйиш, тарихий хато бўлади ва буни мухлислар ҳазм қила олмайди, келажак авлод эса умуман кечирмайди. Ҳозирги шароитда бутун дунёда “Барселона”га қараганда, Мессининг мухлислари кўпроқ ва улар Лео билан бирга у борадиган бошқа жамоани қўллаб-қувватлашга ўтиб кетади. Бундан фақатгина “Барселона” ютқазади.

Хулоса қилиб айтганда, масаланинг ечими ё Мессининг кетиши ёки Бартомеу истеъфосига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Буёғини вақт кўрсатади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Барса”дан ё Месси ёки Бартомеу кетади! (Воқеаларнинг батафсил шарҳи)