А Сериянинг энг эътиборга молик учрашувларидан бири Милан шаҳридаги “Жузеппе Меацца” стадионида бўлди. Мағлубиятсиз сериясини еттитадан ўйинга етказган “Интер” ва “Женоа” баҳси Элдор Шомуродов жамоаси учун ҳақиқий синов бўлди.
Аслида ушбу баҳс олдидан аксарият мухлису мутахассислар “Интер”нинг ғалабасига ишонч билдирди. Бироқ, “Женоа”ни қабул қилиб олганидан кейин, жамоа ўйинини ижобий томонга ўзгартириб юборган Двиде Баллардини А Серия пешқадамига қандай қаршилик кўрсатиши кўпчиликни қизиқтираётган эди.
Тўғриси, тажрибали мутахассис миланликларга қарши учрашув учун бошланғич таркибни танлашда кўпчиликни ажаблантирди. Таъкидлаш жоизки, “Женоа”нинг энг кучли чизиғи бу ҳужум ва дарвозабон. Бироқ, қудратли рақибга қарши баҳс олдидан Давиде Баллардини ҳужумчилар орасида энг паст кўрсаткич қайд этаётган ва ўйини пасайиб кетган Жанлука Скамаккадан фойдаланишга қарор қилди. Унинг ёнида Марко Пьяца ҳаракат қилди. Бош мураббий етакчи ҳужумчилар – Элдор Шомуродов, Горан Пандев ва Маттиа Дестрони захирада қолдирди.
Балки, Баллардини ҳеч ким кутмаган тактика танламоқчи бўлгандир. Лекин шу куни унинг устамонлиги “Интер”га қарши иш бермади.
Умуман олганда, “Интер” генуяликлар учун ноқулай рақиб ҳисобланади. Бу гални ўйинни қўшиб ҳисоблаганда, томонлар ўзаро 145 марта тўқнаш келган. Шулардан 71 тасида миланликларнинг қўли баланд келган, 40 та учрашувда генуяликлар ғалабани тантана қилган, қолган 34 та баҳсда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати ҳам Антонио Конте шогирдлари фойдасига - 252:183.
“Женоа” сўнгги бор “Интер”ни 2018 йилнинг 17 февралида 2:0 ҳисобида таслим қилган энди. Ўшандан бери миланликлар рақибни олти марта тиз чўкдирди. “Женоа” шу учрашувларда бирорта гол ура олмади.
Бу галги ўйинда ҳам “Интер” жуда катта устунликка эга бўлди ва йирик ҳисобда зафар қучди. Марко Пьяцца ва Жанлука Скамакка тандеми мезбон ҳимоячиларга бас кела олмади. 62-дақиқада майдонга Горан Пандев ва Элдор Шомуродов туширилди. Лекин бу умумий ҳолатни ўзгартирмади. Икки ҳужумчи ўйинга киришиб кетгунича, “Интер” баҳс тақдирини ўз фойдасига ҳал қилиб бўлди.
“Женоа” футболчилар Пандевни ҳам, Шомуродовни ҳам ҳужумга олиб чиқолмади. Шомуродовга ярим соат мобайнида атиги етти марта тўп келди. Шу ўринда, қизиқ статистика. Футболчиларнинг ўйинини таҳлил қилиб, баҳолаб боришга ихтисослашган whoscored.com сайти жамоадошларига аниқ тўп узатиш бўйича Элдор Шомуродов ва Горан Пандев 100 фоизлик натижа кўрсатганини қайд этган. Шунга қарамай, иккинчи бўлим ўрталарида майдонга тушган шу икки футболчи сайт мутахассислари томонидан энг паст – 5,7 балл билан баҳоланди.
“Женоа” футболчилари орасида энг юқори баллни учта гол ўтказганига қарамай, тўққизта зарбани бартараф этган Маттиа Перин олди. Дарвозабон маҳорати 7,6 га баҳоланди. Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлган Ромелу Лукаку 9,2 баллга лойиқ кўрилди. Аксарият нашрлар бу ҳужумчини 24-турнинг энг яхши футболчиси, деб топди.
Шу тариқа, “Женоа”нинг мағлубиятсиз серияси саккизинчи учрашувда барҳам топди. Жамоа айни пайтда 26 очко билан 13-поғонага тушиб қолди. Ўз майдонидаги учрашувлар зафар қучган “Болонья” ва “Удинезе” генуяликлардан икки очкога ўзиб кетди.
Кейинги турда “Женоа”ни янада муҳим баҳс кутиб турибди. Шомуродов жамоаси Генуя дербисида “Сампдория”ни қабул қилади.
Шу ўринда, биз таркиб танлашда адашган, деб танқид қилаётган Давиде Баллардини мағлубият эҳтимоли катта бўлган ўйинда асосий ҳужумчиларни майдонга туширмай, уларни азалий рақибга қарши муҳим ва аҳамияти юқори бўлган дербига сақлашни маъқул кўргандир, деган тахмин хаёлга келди.
3 мартга белгиланган “Женоа” – “Сампдория” баҳси Тошкент вақти билан тунги 00:45 да бошланади. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Родри "Олтин тўп" учун сўровномада кимга овоз бергани маълум бўлди