Серқуёш Ўзбекистоннинг энг жанубий (яъни, энг иссиқ) вилояти Сурхондарёнинг Жарқўрғонидан чиққан Элдор Шомуродов энг кўҳна шаҳарлардан бири Римнинг «Рома»сига ўтди. Ҳа, бу рост. «Рома»нинг қандай клуб эканини яхшироқ тушунтириш (гарчи, бунга ҳожат бўлмаса-да) учун жамоада дунёнинг энг машҳур ва беназир мураббийи ишлаши, унинг 94 йил аввал ташкил этилгани, 3 карра А Серия соҳиби, 9 карра мамлакат Кубоги эгаси ва 2 карра Италия Суперкугоби ғолиби эканини айтиш кифоя қилади.
Клуб таркибида Карло Анчелотти, Франческо Тотти, Кафу, Даниэле де Росси, Эден Жеко, Генрих Мхитарян каби кўплаб ўз ишининг усталари ҳаракат қилган ва қилиб келмоқда. Хўш, тортинчоққина қора кўз ўзбек йигити бу жамоада қандай пайдо бўлиб қолди? Қуйида Элдор Шомуродовнинг «Рома»гача босиб ўтган йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.
Фото: «Дарё» / Ҳусан Собитов
Футболдаги илк қадамлар ва Ўзбекистондаги фаолият
Футболчилар оиласида дунёга келган Элдор 6 ёшида миллионлар ўйинидаги илк қадамларини ташлайди. 11 ёшида эса «Машъал» академиясига қабул қилинади. Муборак клубида мураббийларидан футбол сир-асрорларини ўрганишни бошлаган Элдор профессионал футболдаги дебютини 2014 йилда, 19 ёшида нишонлайди. Ўша йили Ўзбекистон Олий Лигасида (ҳозирги Суперлига) 10 та ўйин ўтказади ва 2015 йилнинг бошида «Бунёдкор»га ўтади. Элдор пойтахт клубида ҳам тезда ўз ўйинини топиб олади ва асосий таркибдан жой олади.
Шунингдек, у Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳам ёрқин ўйинлар кўрсатади ва миллий жамоага чақирув олади. «Бунёдкор»да ва термада жамоавий ютуқларга эришмаган бўлса ҳам, у футболчи сифатида ўсади ва бир қатор хориж клубларининг эътиборига тушади.
Рус ўлкасининг забт этилиши
Фото: Twitter/@rostovfc
Бир қатор араб клубларининг молиявий томондан яхши бўлган шартномаларига қарамай, Элдор ва унинг атрофидагилар Россиянинг кам маош тўлайдиган ўртамиёна клуби вариантида тўхталади. Ушбу қарорнинг қанчалик тўғри бўлганлиги ҳақида эса ортиқча гапирмаган маъқул. Аммо Элдорнинг атлетизмга ихтисослашган рус футболи ва янги жамоага мослашиши осон кечмайди. Ҳатто уни аутсайдер жамоаларга ижарага бериб юборишларига ҳам бир бахя қолади.
Бироқ ростовликлар бошқарувига Валерий Карпиннинг келиши Шомуродовнинг фойдасига ишлайди. Карпин Элдорда ўзига хос бўлган жиҳатларни кўра олади ва уни жамоада олиб қолади. Шунга қарамай, Элдор учун дастлабки икки йил осон кечмайди. Боиси, у майдонда ўз позициясини топишга қийналади. «Бунёдкор»да чап қанот вингери сифатида тўп сурган бўлса, Карпин уни «Ростов»да майдон марказидан тортиб то қанот ҳимоячисигача бўлган позицияларда ўйнатиб кўрди.
2019 йилда эса Осиё Кубоги бўлиб ўтади, терма жамоани мусобақага Эктор Купер олиб боради. Айнан Купер Элдорни марказий ҳужумчи ролида синаб кўради ва уни форвард сифатида кашф қилади. Мусобақа, гарчи, терма жамоа учун муваффақиятли ўтмаган бўлса ҳам, Элдор тўрт ўйинда тўртта гол уради ва ўзига бўлган ишончини ошириб олди. Шу тариқа Элдор яхши спорт формасида «Ростов»га қайтади.
Осиё чемпионатидан қайтгач, Валерий Карпин Элдорга киноя билан шундай дейди: «Шома, нима сен фақат Осиё жамоаларига гол ура оласанми?». Шундан кейин Шома том маънода порлайди ва Россия Премьер Лигасида кетма-кет ўйинларда голлар ура бошлайди. Шундан сўнг рус матбуоти Элдор ҳақида бонг уради ва у билан қатор интервьюлар ташкил қилади.
Шунингдек, ушбу серияли голлар унга «Шальке-04», «Штутгарт» ва бир қатор Европа клубларининг эътиборини тортишга ёрдам берди. Бироқ Элдор «Ростов» билан хайрлашишга шошилмади. Кейин эса коронавирус пандемияси бошланди ва бутун дунёда футбол тўхтаб қолди. Танаффусдан сўнг эса Элдор гол уришда оқсади, у нақ 208 кунни (16 та ўйин) «қуруқ» ўтказди. Шунга қарамай, Россия футболи забт этилди деб ҳисоблаш мумкин эди. Энди яна олға юриш вақти келганди. Элдорнинг кейинги манзили Италия А Серияси бўлди.
Апенин ярим оролидаги давомли саргузаштлар
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари орасида «Ювентус», «Интер», «Милан» каби гранд клубларнинг минглаб мухлисини учратиш мумкин. 2020 йилнинг 1 октябридан улар орасига ўртамиёнадан ҳам пастроқ даражада бўлган «Женоа» ҳам қўшилди. Чунки генуяликлар Элдорни ўз сафига қўшиб олганди. Шоманинг кучли бешликка ўтиши нафақат Ўзбекистон, балки, Россия учун том маънода шов-шувли воқеа бўлди. Боиси аксарият ҳолларда трансферлар тескари йўналишда амалга ошириларди.
Фото: Getty Images
Одатга кўра, бу ерда ҳам мослашиш жараёни осон кечмади, «Женоа» ўта ҳимоявий (ҳимоячилар эса жуда нўноқ) ва зерикарли ўйин кўрсатар, кўпинча тўп Элдоргача етиб бормасди. Ушбу ҳолатда голлар ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Ўша кезларда Элдорнинг салоҳиятига шубҳа билан қараганлар ва ҳатто ушбу трансфернинг катта хато бўлганини таъкидлаганлар ҳам топилди. Бироқ Шома бу гапларга парво ҳам қилмасдан меҳнат қилишдан ва ишлашдан тўхтамади.
Шомуродов узоқ кутилган гол(и)ни ўзининг «Женоа»даги тўртинчи ўйинида, янги мураббий Давиде Баллардини қўл остида урди. Мавсум якунида эса бу голларнинг сони 8 тага етди. Шунингдек, Элдор битта самарали узатмани ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Шу тариқа Элдор танқидларга муносиб жавоб қайтарди ва ўзига билдирилган ишончни оқлади.
Элдор «Женоа»даги ўйинлари орқали гол ура олишдан ташқари жамоа учун ҳам ўйнай олиши ва ҳужумкорроқ таркиб билан бундан-да яхшироқ натижалар (кўпроқ гол) кўрсата олиши мумкинлигини исботлаб ҳам қўйганди. Айнан шу омиллар туфайли унга қишда «Ювентус»дан ҳам қизиқиш бўлганди. Аммо ёзга келиб «Рома» Элдор учун 17,5 миллион сарфлади ва у билан 5 йиллик битим имзолади.
Фото: «Рома»
Эндиликда Элдор дунёнинг топ-клубида, топ-мураббий қўл остида, топ-ўйинчилар билан бирга тўп суради. Шундай экан, янги мавсумдан бошлаб «Рома»нинг мухлислари кўпайишига ҳеч қандай шубҳа йўқ, боиси энди у ерда ўзбекнинг Элдор Шомуродови бор.
Ҳа, шундай, бу туш эмас: «Рома» ва «Шома» бирлашди!
Форза, Элдор! Форза, «Женоа», маъзур тутасиз, «Рома»!
Муаллиф:Билол Эркин
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Учта вилоятда “валютчик”лар қўлга олинди