15:26 / 21.09.2021
2 130

Рўзиқул Бердиев: "Эртанги ғалабамиз Ўзбекистон учун катта фойда бўлиши мумкин"

Рўзиқул Бердиев: "Эртанги ғалабамиз Ўзбекистон учун катта фойда бўлиши мумкин"
ОФК кубоги доирасидаги "Насаф" - "Моҳун Баган" учрашувидан олдинги матбуот анжуманида мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев ва футболчи Ҳусниддин Алиқулов иштирок этди.
"Барчага хайрли кун. Рақиблар жиддийлашиб бормоқда, чунки кейинги босқичдаги ҳар бир рақиб кучли бўлади. Ҳиндистон клуби ўйинларини, таркибдаги футболчиларни ва мураббийлар штабини кўриб жиддий жамоа эканини билдик. "Моҳун Баган" Ҳиндистоннинг энг етакчи клуби ҳисобланади. Биз рақибни жуда яхши ўргандик ва яхши тайёргарлик олиб бордик. "Насаф" 100 фоиз ўйинга тайёр. Фақат эртага ғалаба қозониш учун майдонда кўп меҳнат ва маҳорат керак бўлади. Футболчиларим ҳам жисмонан, ҳам ақлан ўйинга тайёр", - дейди Рўзиқул Бердиев.

"Эртанги рақибимизни яхши ўрганиб чиқдик. Худо хоҳласа яхши ўйин кўрсатиб, жамоамиз мухлисларини ва халқимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз", - дейди Ҳусниддин Алиқулов.

- Эртага ўзбек мураббийи испан мураббийи билан тўқнаш келади десак ҳам бўлади. Ҳиндистонда чемпионат март ойида тугагани эртанги ўйиндан олдин "Насаф"га устунлик берадими?
- Жамоа сўнгги ойларда кам ўйин ўтказган ва бизда у қадар кўп маълумот йўқ. Аммо ОФК кубоги гуруҳ босқичидаги учта ўйинни тўлиқ кўриб чиқдик. Бундан ташқари етакчи футболчиларнинг алоҳида роликларини топдик. Бу ҳам бизга қўшимча маълумот. Рақиб сафида етакчи легионерлар бор, Ҳиндистон терма жамоаси футболчилари бор. "Моҳун Баган" биз билан ўйинга Дубайда тайёрланди ва у ерда ўртоқлик учрашуви ҳам ўтказганини биламиз.

- "Насаф" эртага ғалаба қозонса кейинги йил ОЧЛ учун Ўзбекистон клубларига 2+2 квота берилиши мумкин бўлади. Шуни йигитлар қанчалик ҳис қилишмоқда?
- Албатта бу томонлари ҳам бор. Эртанги ғалабамиз Ўзбекистон учун катта фойда бўлиши мумкин. Бу ўйинлар орқали ёш футболчиларимиз тажриба олишади. Клуб молиявий томонлама ҳам ютиши мумкин. Барчасини яхши тушуниб турибмиз. Эртага ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқиш учун ўйнаймиз.

- Рақиб сафидаги қайси ўйинчиларни алоҳида кўрсата оласиз?
- Ўйинни яхши ташкил қила оладиган жамоа. Кимдир легионер сифатида кўпроқ гол ураётгандир, аммо барибир жамоавий ўйини яхши. Баъзида британча футбол намойиш этади. Ўйин давомида схемаларни ўзгартириб турганини кўриш мумкин. Рақибимиз жиддий ва таркибида 4 нафар легионер бор. Франциялик легионер ўрнига финляндиялик ҳужумчини қўшиб олди. Бу футболчини ҳам ўрганиб чиқдик. Сентябрь ойида Финляндия терма жамоасига ҳам чақирув олди. Бир сўз билан айтганда рақиб тажрибали легионерларга эга.

- Эртаги баҳсда тезкор гол кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Шундай экан жамоаингиз қандай услубда ўйнайди? Ҳужумкорми ёки натижани ўйлаган ҳолда эҳтиёткорми?
- Эртанги ўйин иккала жамоа учун биринчи навбатда натижа муҳим. Сабаби битта ўйин барчасини ҳал қилади. Таркибимизда ўйинни ҳал қила оладиган ўйинчи йўқ, шу боис жамоавий ўйин кўрсатишимиз керак. Биринчи гол урамизми ёки баҳс охирида гол урамизми фарқи йўқ. Асосийси ғалаба учун майдонда бор маҳоратимизни ишга солишимиз керак.

- Ҳусниддинга савол: Ҳозир "Насаф"даги ички муҳит қандай?
Ҳусниддин Алиқулов: - Жамоада кайфият аъло даражада. Эртанги баҳсга ҳамма тайёр. Насиб қилса бир бўлиб ғалаба қозонамиз деб ўйлайман.

- ОФК кубогида муносиб иштирок этиш учун захира ўриндиғи узун бўлиши керак. Агар олдингизни танлов бўлганида қай бирини танлаган бўлардингиз: Суперлигада иккинчи ўринни олиш ёки ОФК кубогини қўлга киритиш?
- (кулади) Ажойиб савол бўлди. Саволингизни тушундим. Агар ҳақиқатни айтадиган бўлсак кўпроқ эътиборимиз ОФК кубогига қаратилган. Ўйинлар кўрсатмоқдаки мусобақада ғолиб бўлишимиз мумкин. Албатта бу осон бўлмайди. Бекорга гапимни бошида рақиблар жиддийлашиб бормоқда деб айтмадим. Ҳар бир босқичда рақиб кучайиб бораверади. Агар танлаш имконияти бўлганида иккаласига ҳам ҳаракат қилардик. Балки саволингизни аниқ жавоб бермагандирман, аммо жавобимдан қисман қониқдингиз деб ўйлайман.

- "Аҳал" билан ўйинда жамоа икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олганида бироз бўшашганди ва ҳисоб тенглашганди. Бўлажак рақиб билан баҳсдан олдин менсимаслик ҳолати йўқми?
Ҳусниддин Алиқулов: - Албатта жамоани майдонга ҳурмат қилиб тушамиз.

Рўзиқул Бердиев: - Фақат "Аҳал" билан эмас гуруҳ босқичида ҳам шундай ҳолат бўлганди, бироқ ўшанда рақиблар гол ура олишмаганди. Жамоани руҳий ҳолатини меъёрида олиб бориш керак.

- ОАВда раҳбарият футболчиларни рағбатлантириш борасида камчиликка йўл қўйгани ҳақида хабарлар чиққанди. Ҳозир бу камчиликлар бартараф қилиндими?
- Бизда раҳбарият билан ҳеч қандай жанжалли ҳолат бўлмаганди. Ёзилган барча нарса ҳам рост эмасди. Ёзишдан олдин ўша жараёнда бўлишинг керак ва барчасидан хабардор бўлишинг керак. Тахмин қилиб ёзиш тўғри эмас.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Эртанги ғалабамиз Ўзбекистон учун катта фойда бўлиши мумкин"