А Серияда “Верона”, “Лацио” ва “Ювентус”дан учралган мағлубият, Конференциялар лигасида “Будё-Глимт”нинг қақшатқич зарбаси “Рома” ҳали энг юқори мақсадлар сари курашишига эрта эканидан далолат бермоқда.
“Рома”ни гранд клубга айлантириш учун олиб келинган Жозе Моуриньо ҳар бир муваффақиятсизликдан кейин жамоа захираси заиф экани, юқори малакали ижрочилар етишмаётгани ҳақида нолиётган эди ва унинг гапида жон бордек кўринмоқда.
Моуриньо бошқарган жамоалар Норвегиядаги ўйинга қадар ҳеч қачон олтита гол ўтказмаган. Порутагиялик мураббий “Будё-Глимт”га бой берилган шармандали ҳисоб учун жавобгарликни ўз бўйнига олган бўлса-да, таркибдаги муаммоларни ҳам бир тилга олиб ўтди.
Италия футболи экспертларининг фикрига кўра, Норвегиядаги мағлубиятдан сўнг Моуриньо клуб раҳбариятини таркибни янада кучайтиришга кўндиради. Оммавий ахборот воситалари эса, Жозе ҳозирдан ўзига тўғри келмаётган барча ўйинчилардан қутилиб, унинг талабларини бажаришга қодир янги футболчиларни олишга қарор қилганини ёзмоқда.
Демак, кетиши кутилаётганлар кимлар?
“Рома”нинг энг муаммоли нуқтаси ўнг қанот ва марказий ҳимоя экани айтилмоқда. Рик Карсдорпнинг бир ўзи ўнг қанотни тўлиқ ёполмаяпти. Унга ёрдамчи ва ўринбосар керак. 6,5 миллион еврога харид қилинган америкалик ҳимоячи Брайан Рейнолдс буни уддалай олмаяпти ва ҳимоячи сифатида Жозега умуман керак эмаслиги учун биринчи сотилади. Марказий ҳимоячилардан Крис Смоллинг кўп жароҳатланяпти, Мараш Кумбулла ҳам мураббийлар ишончини қозона олмади. Федерико Фасио, Давиде Сантонга бош мураббий имкон беришни ҳам лозим топмади. Қизиғи, ҳозирча бу ўйинчиларнинг бирортасига талабгор ҳам чиқмади.
Моуриньо ҳимояда ёш Риккардо Калафьори ва жароҳатини даволаётган Леонардо Спинаццолага суянишдан ташқари, уларнинг ёнига тажрибали ҳимоячиларни қўшмоқчи.
Ярим ҳимояда вазият мураккаб. Мунтазам ўйнаётган Жордан Верету, Брайан Кристанте, Лоренцо Пеллегрини, Генрих Мхитарян, Николо Дзаньолога муносиб ўринбосар йўқ. Амаду Диавара, Гонсало Вильяр, Эдоардо Бове, Эбрима Дарбо, Никола Залевски етакчи ярим ҳимоячиларнинг ўрнини боса оламаяпти ва улар катта эҳтимол билан ўз жойини бу ишни амалга оширишга қодир бўлган кучли ва тажрибали ҳамкасбларига бўшатиб беришига тўғри келади.
“Рома”нинг ҳужум чизиғи энг кучли рақобатга эга. Моуриньо асосий ҳужумчи сифатида Тэмми Абрахамни ўйнатяпти. Элдор Шомуродов, Стефан Эл-Шаарави, Карлес Перес захирадан бўлса-да, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Моуриньо ишонч билдирмаётган ягона ҳужумчи – “Реал” тарбияланувчиси Борха Майоралдир. Ўтган мавсумда римликлар таркибида Верету билан бирга энг кўп гол урган ва доим асосий таркибда ўйнаган испаниялик ҳужумчи Моуриньо келганидан кейин захирага михланди. Аслида, Моуриньо фаолиятида жамоа етакчиларидан бирини ўйиндан четлатиш усулини кўп қўллайди ва ҳозир бу янгилик эмас.
Майоралнинг атрофидаги вазиятдан келиб чиқиб, “Рома” мутасаддилари “Реал”дан ижарага олинган ҳужумчини 20 миллион еврога трансфер қилиш ҳуқуқидан фойдаланмайдиган бўлди ва уни Мадридга қайтариб юборади.
Таъкидлаш жоизки, Жозе Моуриньо ва унинг шогирдлари олдида мураккаб вазифалар ва узун мавсум турибди. “Рома”ни қўллаб-қувватлаш учун совуқ Норвегиягача борган энг ашаддий мухлислар шармандали мағлубиятдан кейин жамоанинг узрини қабул қилмади ва муносабатларни тузатиш учун футболчилар олдига шарт қўйди. Унга кўра, “Рома” якшанба куни “Олимпико” аренасида бўладиган 9-тур учрашувида енгилмас жамоага айланиб қолган “Наполи”ни тиз чўктириши талаб этилади.
Мазкур учрашув 24 октябрь куни Тошкент вақти билан 21:00да бошланади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш