20:00 / 24.10.2021
2 092

Ҳақиқатни айтган фақат Микаэль Секейра эмас

Ҳақиқатни айтган фақат Микаэль Секейра эмас
"Локомотив" бош мураббийи Микаэль Секейра кеча "Қўқон-1912" билан учрашувдан сўнг ёрилди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ичидаги бор гапни тўкиб сочди.
"Мен ўзимнинг фикримни айтаман. Ўзбекистонда футболнинг ривожланиши учун битта йўл бор. Академиялар очилмоқда. Бу нарса ҳал қилиб бермайди. Ўзбекистон УЕФАга аъзо бўлганидан сўнг кўтарилади. Осиёда қолар экан, бундай тизим билан ҳеч қачон мундиалга чиқа олмайди. Бу тизим ўзбек футболига якун ясаб беради. УЕФАда ҳакамлар бошқача бўлади, футболчиларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати ўзгаради. Майдонда бир-бирини уриб синдирмайди. Муносабат бошқа томонга бурилади. Бир кун кетадиган бўлсам, жуда ҳафа бўлиб кетаман. Чемпионат якунлангач уйимга йўл оламан. Ҳафа бўладиган томоним, бу ерда яхши футболчилар бор. Бироқ мазкур тизим,чемпионат, ҳакамлар, академиялар кўпаймаса, УЕФАда бўлмаса, ҳеч қачон Жаҳон чемпионатига бормайди. Мен омад тилайман. Юртингизда яхши инсонларни кўрдим. Аммо, шу кетиш бўлса, чўкишда давом этади. Мен бор ҳақиқатни айтаман, тамом".

Шу кунгача матбуот анжуманларида португалияликни бунчалик эҳтирос ва алам билан гапирганини кўрмаганман. Иложи борича қисқароқ фикрларини баён қилишга ҳаракат қилган. Ҳақиқатни айтаётган, сўқир кўзларимизни очишга даъват қилаётган фақат Секейрами? Қуйида аввалги мавсумларда чемпионатимизда фаолият олиб борган Андрей Канчельскис, Шота Арвеладзенинг мулоҳазаларини келтирсам.

Андрей Канчельскис 2020 йилги Суперлиганинг 10-туридан ўрин олган "Сурхон" - "Навбаҳор" (1:1) учрашувидан кейин қуйидагиларни айтганди.

"Ростини айтганда ташкилотчиларни умуман тушунмадим. Марказлаштирилган ҳолда ўтказиш ҳақида видеоконференцияда барчамиз ўйинларни 18:00дан кейин ўтказишга келишиб олгандик. Негадир биз 17:00да ўйнадик. Нима учун кимгадир мумкин, кимгадир мумкин эмас. Менга айтингчи, "Пахтакор" 17:00да ўйнаяптими? Агар бугун худо кўрсатмасин футболчилардан бирини бошини офтоб урганда ва ўзидан кетиб қолганда нима бўларди? Футболчининг ота-онасининг кўзига қандай қарардингиз? Қозоннинг "Рубин" клубида Бистров шундай бўлганди...

Соат 5да ўйнадик, устимиздан кулаяпсизми? Келинглар унда 15:00да ўйнайлик. Бу футбол эмаску. Яна майдоннинг ҳолатини қаранг. Бугун Суперлигада битта ўйин ва биз энг ёмон майдонда ўйнадик. Нима учун у ҳолда марказлашган ҳолда ўйнаяпмиз? Кимга керак бундай марказлашган чемпионат? Марказлашган тарзда ўтказилаётган экан унда шароит яратиб беринглар. Ёки сув йўқ, ёки бошқа нарса йўқ. Футболчиларни устидан кулиш яхши эмас
",- деган эди россиялик мутахассис.

Энди эса Шота Арвеладазенинг 2018 йил "Бухоро" билан ўйиндан кейинги фикрларини тинглаймиз.

"Барча хато қилади тан оламан, лекин бу энди жуда шубҳали. Агар видеони кўрсангиз биласиз. Голни бундай бекор қилишмайди. Агар бу ҳакамлар ишлашни билишмаса ўқиб ўрганишсин. Мен бошидан ҳакамларни ёнини олиб келганман. Футбол, мухлислар, ҳакамлар ва майдон барчаси битта нарса. АПЛ, Испания чемпионати қандай десам ҳамма мақтайди. Сабаби у ерда барча нарса бор",- деган эди грузиялик мураббий.

2018 йил Наманганда "Навбаҳор" билан 3:3 ҳисобида дуранг қайд этилган баҳсдан сўнг Шота Арвеладазе майдон ҳолати ҳақида гапирганди.

"Майдон ҳолати ҳақида илк бор бу ерда гапириб турибман. Аввал ютқазганимиз боис баҳона бўлиб қолмаслиги учун ҳам бу ҳақда оғзимни очмагандим. Ўтган сафар бу майдонда нималар топганимиз ҳақида ҳозир гапирмоқчи эмасман. Мен ҳеч кимни айбламоқчи ёки кимнидир бармоғим билан кўрсатмоқчи эмасман. Шунчаки бу майдон бизга, "Навбаҳор"га футбол ўйнаш учун ҳалақит бермоқда. Ўзбекистондаги энг зўр мухлислар, энг яхши муҳит Наманганда. Аммо майдон жуда ачинарли ҳолатда. Агарда гапим кимгадир тегиб кетган бўлса ёки кимнидир хафа қилган бўлсам узр. Аммо бор ҳақиқатниайтяпман. Масалан, Турғунбоев яхши сифатдаги майдонда ёмон ўйнайдими? "Навбаҳор"ни ўйини кучайиши, умуман ўзбек футболи ривожланиши учун аввало, майдонларни яхшилаш керак. Футболни майдонда ўйналади",- деган эди Шота Арвеладзе.

Қачонгача четдан келиб устимиздан кулиб кетишади. Улар бор ҳақиқатни айтади, тамом. Нари борса эса ишдан кетиб юртига жўнаб кетади. Лекин изза бўлиб қолаётган ўзимиз. Шота Арвелдазенинг майдон борасидаги танқидидан сўнг Намангандаги "Марказий" стадион чими янгиланди. Канчельскиснинг ТТЙМИ майдонидаги ташкилотчилик ҳақидаги баёнидан кейин бу майдонда бошқа Суперлига ўйинлари ўтмайдиган бўлди. Секейранинг гапидан сўнг нима ўзгаради? Нега айнан бирор хорижлик келиб кўзимизни очмагунча қўлимизни совуқ сувга урмаймиз? Мен мақтамоқчи ёки уларни оппоқ фаришта демоқчи эмасман. Шунчаки ўзимизнинг камчиликларимизни билган ҳолда бажариб қўяйлик. Зеро биров келганидан сўнг уялиб изза бўлиб қолмаслигимиз учун. Хўжа кўрсинга эмас, ўзимиз учун ҳам хатоларни тўғирлашни ўрганишимиз лозим. Ўша майдон, прожектор, академияни четдан келган мураббий уйига олиб кетмайди-ку.

Абдулазиз Искандаров

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳақиқатни айтган фақат Микаэль Секейра эмас