date
views 492

Ангренда Япония технологияси билан синтетик метан ишлаб чиқарилди

Ангренда Япония технологияси билан синтетик метан ишлаб чиқарилди
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри яна бир илғор ва истиқболли лойиҳага мезбонлик қилмоқда. Янгиобод маҳалласидан жой олган пилот ҳудудда синтетик метан ишлаб чиқариш тизими синов тариқасида ишга туширилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва Япониянинг ITO Corporation компанияси ўртасидаги ҳамкорлик натижасида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий жиҳати — Японияда ишлаб чиқилган, экологик тоза ва энергия самарадорлигини таъминловчи замонавий технологияни жорий этишдан иборат.

Пропан ва ҳаво — янги метан манбаи

Таъкидланишича, лойиҳа доирасида маҳаллага махсус қурилмалар ўрнатилган бўлиб, улар пропан ва ҳаво аралашмасини қайта ишлаб, синтетик метан ҳосил қилиш имконини беради. Бу газ тури пилот ҳудуддаги бир нечта кўп қаватли уйларни табиий газ билан таъминлашда самарали қўлланилмоқда.

Янги усул нафақат маҳаллий газ таъминотини барқарорлаштириш, балки миллий энергетика тизимидаги босимни камайтиришга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, бу технология атмосферага камроқ зарарли моддалар чиқарилишига ҳисса қўшиши сабабли экологик жиҳатдан қулай ечим ҳисобланади.

Келажакда бутун республика қамраб олинади

Лойиҳа ҳозирча синов тариқасида амалга оширилаётган бўлса-да, ҳудудий натижалар ижобий баҳоланмоқда. Ҳокимлик маълумотига кўра, лойиҳани республика миқёсида кенгайтириш ва шундай қурилмаларни бошқа ҳудудларга жорий этиш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилган.

«Бу ташаббус Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги кўмагида ҳаётга татбиқ этилмоқда. У Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, инновацион ва барқарор технологияларни кенг жорий этиш каби стратегик мақсадларга хизмат қилади», — дейилади расмий хабарда.

Хулоса ўрнида

Синтетик метан лойиҳаси нафақат технологик ютуқ, балки Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги муҳим қадами ҳисобланади. Экологик тозалик ва самарадорликни таъминловчи бундай ечимлар мамлакат энергетика хавфсизлигига муҳим ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ангренда Япония технологияси билан синтетик метан ишлаб чиқарилди