Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида яшовчи 76 ёшли Ольга Ивановна интернет оламида кутилмаганда юлдузга айланди. У нафақада бўлишига қарамай, замонавий киберспорт ва стриминг дунёсида катта ютуқларга эришди, деб ёзмоқда Peopletalk.
2021 йилда унинг набираси сенсорли смартфон совға қилди. Шу орқали Ольга интернетда ўйин ўйнаб, жараённи тўғридан-тўғри эфирда намойиш қилаётган одамларни кўриб қолди.
Шундан илҳомланиб, у ҳам стрим бошлади. Бир пайтлар умумий овқатланиш соҳасида муҳандис бўлиб ишлаган буви нафақада зерикмаслик учун янги машғулот топди.
Ольга Ивановна асосан Counter Strike трансляциялари билан танилди, аммо Minecraft, Tomb Raider, Metro, Bioshock, Atomic Heart ва Diablo 2 каби турли ўйинларни ҳам ўйнайди.
Ҳозирда унинг каналида 220 мингдан ортиқ обуначи бор, ҳар бир эфирини эса ўртача 450 киши томоша қилади.
Томошабинлар ёрдамида у ойига тахминан 100 минг рубл даромад қилади. Ушбу маблағ нафақат шахсий эҳтиёжлари, балки оиласи қарзларини тўлашга ҳам ёрдам берган. Қолаверса, унинг обуначилари 73 ёшидаги орзусини — парашютда сакрашни амалга оширишга молиявий ёрдам кўрсатишган.
Ольга Ивановна ўз мисолида “нафақа — бу ҳаётнинг тўхташи эмас, балки янги бобнинг бошланиши” эканини намойиш қилди. Унинг ҳикояси нафақат Россияда, балки бутун дунёда кексалар ҳам янги технология ва қизиқишларни ўзлаштира олишини исботлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!