13:00 / 11.07.2022
2 035

Ўткир диарея нима учун хавфли касаллик ҳисобланади?

Ўткир диарея нима учун хавфли касаллик ҳисобланади?
У болаларда қандай асоратларни келтириб чиқариши мумкин? Муолажа жараёнида нималарга эътибор қаратиш зарур? Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё Асилова бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Ичбуруғ — хавфли касаллик, — дейди мутахассис. — Агар ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, у ичакларнинг буралиб қолиши, парез, яъни фалажлик, инфекцион-токсик шок, нейротоксикоз каби оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Чунки кичкинтойлар организми жуда нозик. Уларда қусиш, ич кетиши, юқори ҳарорат сабабли организмнинг сувсизланиш жараёни жуда тез содир бўлади.

Оқибатда кичик ёшли беморларда пешоб ажралиши тўхтаб, буйрак етишмовчилиги бошланади. Қолаверса, танада сув миқдори камайиши қон босимининг кескин тушиб кетишига олиб келади. Бу эса ҳаёт учун ниҳоятда хатарлидир.

Шу сабабли болаларда ўткир диарея кузатилса, тезроқ шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Касаллик даврида танада йўқотилган сув ўрни ўз вақтида қопланса, организм яна нормал ҳолатига қайтади.

Албатта, муолажаларни врач белгилайди. Уй шароитида даволанишда ҳам бемор оилавий шифокор назорати остида бўлиши шарт.

Чунки хасталикнинг эрта босқичида ҳеч қандай томчи дориларсиз вазиятни ўнглаш мумкин. Агар ҳам қусиш, ҳам ич кетиши кузатилса, томчи муолажаларини қўллашга тўғри келади.

Бироқ қай ҳолатда глюкоза, қандай вазиятда тузли эритмалардан фойдаланишни боланинг ҳолати, касаллик даражасига кўра шифокор ҳал қилади.

Мабодо қусиш тўхтамай, кучли оғриқ кузатилса, уни бартараф этиш учун дезинтоксикацон ва симпоматик муолажалар талаб этилади.

Аммо хасталикни даволашда ўзбошимчалик билан антибиотиклардан фойдаланиш вазиятни янада оғирлаштиради. Чунки бундай ҳолатда ўткир диареяга дисбактериоз хасталиги ҳам қўшилади.

Шундай экан, юқумли ичак касалликларида ота-оналар фарзандлари саломатлигига ниҳоятда эътиборли бўлишлари керак. Камқон, иммунитети паст, касалликка мойил кичкинтойларга ёз мавсумида ичак флораларини яхшиловчи препаратларни профилактик мақсадларда қўллаш тавсия этилади.

Энг муҳими эса соғлом турмуш тарзи! Болани тозалик ва озодалик, шахсий гигиена қоидалари ҳамда тўғри овқатланишга ўргатсак, жондан азиз ўғил-қизларимизни касалликдан ҳимоя қила оламиз!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ўткир диарея нима учун хавфли касаллик ҳисобланади?