14:00 / 12.03.2024
207

Гипертонияда нима истеъмол қилиш керак: қон босимини туширувчи маҳсулотлар

Гипертонияда нима истеъмол қилиш керак: қон босимини туширувчи маҳсулотлар
Фото: Лиза
Қон босими юқори бўлган одамлар соғлиқни меъёрда ушлаб туришининг энг самарали усули — бу тўғри овқатланиш қоидаларига риоя этишдир. Таомномага эътиборли бўлиш қон томирлари ва қон босими учун муҳим аҳамият касб этади. Ушбу мақолада қон босимини туширувчи табиий ва ҳар қандай дўконларда топиш мушкул бўлмаган 4 та гуруҳга оид маҳсулотлар рўйхати билан танишамиз.

1990 йилларнинг бошида АҚШнинг Юрак, ўпка ва қон касалликлари институти тадқиқотчилари қон босими баланд юрадиган инсонлар учун махсус парҳез ишлаб чиқдилар. ДАШ (Гипертонияни назорат қилиш учун парҳезли ёндашув) деб номланган парҳез кўплаб тадқиқотларда фойдали эканлиги исботланган. Унга кўра қон босимини нормаллаштирадиган маҳсулотлар рўйхати қуйидагича:

Мева ва сабзавотлар

Фото: Лиза
АҚШ тадқиқотчилари натижасига кўра, лавлаги шарбати қон босимини пасайтиришга ёрдам беради. Лавлаги нитратлар манбаи бўлиб, унинг таъсирида қон босими сезиларли даражада пасаяди. Бундан ташқари, нитратлар бошқа мевалар, резаворлар ва сабзавотларда ҳам мавжуд. Масалан, исмалоқ, селдерей, карам, банан ва қулупнай ҳам қон босимини тушириш хусусиятига эга. Шунингдек, ушбу мева ва сабзавотларда калий моддаси ҳам артериал босимни нормаллаштиради.

Дори кўринишида калий ичиш тавсия этилмайди, чунки ушбу минералнинг меъёрдан ортиши буйрак фаолиятини чеклаб қўяди.

Бутун донли маҳсулотлар

Фото: Getty Images
Бутун донли маҳсулотларга жигарранг гуруч, кепакли нон, сули кабилар киради. Уларнинг таркибида оқ нон, гуруч ва макарон маҳсулотларига нисбатан кўпроқ озуқа моддалари ва клетчаткалар мавжуд. Кўпроқ клетчаткали озиқ-овқат истеъмол қилиш юрак ва қон айланиш тизими касалликлари хавфини камайтиради. Шунингдек, ловия, чечевица, ёнғоқлар ҳам крахмалли ва углеводли маҳсулотлар ҳисобланиб, улар организмни кўпроқ клетчаткали озуқа ейишга ундайди.

Ёғсиз оқсилли маҳсулотлар
Ёғсиз оқсил маҳсулотларида калория камроқ, аммо барибир тўйимли саналади. Улар вазнни назорат қилишга ва шу билан бирга қон босимини пасайтиришга ёрдам беради.

Қизил ва қайта ишланган гўшт ўрнига товуқ, курка, балиқ, тухум ва ловия истеъмол қилинг.

Ёғсиз сут маҳсулотлари

Фото: Getty Images
Ёғлилиги кам бўлган сут ва сут маҳсулотларини таомномага киритиш қон босимини пасайтиришда фойда беради. Улардаги калсий моддаси гипотоник функцияни бажаради.

Гипертонияда шўр ва дудланган маҳсулотлар, ўта ёғли ва шакари кўп таомлар ҳамда таркибида кофеин моддаси бор бўлган таомлар ейиш тавсия этилмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Гипертонияда нима истеъмол қилиш керак: қон босимини туширувчи маҳсулотлар