
Япониянинг Хиросима университети олимлари ўтказган янги тадқиқот натижаларига кўра, милклар касаллигини келтириб чиқарувчи бактерия нафақат оғиз бўшлиғига зарар етказади, балки қон томирлари орқали юраккача етиб бориши ва унда жиддий патологияларни келтириб чиқариши мумкин экан.
Тадқиқотчилар аниқлашича, милк яллиғланишига сабаб бўлувчи Porphyromonas gingivalis (P. gingivalis) бактерияси, оғиз бўшлиғидан қон оқимига ўтиб, юрак мушагига кириб олади ва шу ерда фиброз (чандиқ тўқимаси) шаклланишига туртки беради. Фиброз эса юракнинг ички тузилиши ва табиий фаолиятини бузиб, оқибатда аритмия ва бошқа хатарли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Фиброз шаклланиши натижасида юракнинг меъёрий фаолияти учун зарур бўлган электр импульсларининг узатилиши бузилади. Бу эса ўз навбатида атриал фибрилляция (юракнинг нотўғри уриши) хавфини кескин оширади. Бундан ташқари, бу ҳолат юрак етишмовчилиги, инфаркт, инсульт каби оғир асоратларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассислар огоҳлантиришича, тиш ва милкларнинг мунтазам парвариш қилиниши, оғиз бўшлиғи гигиенасига жиддий эътибор қаратилиши нафақат стоматологик, балки юрак-қон томир касалликлари олдини олиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
"Бу бактерия оғиз бўшлиғидан юракка ўтиш орқали жиддий касалликларни келтириб чиқаришини исботладик. Шу боис милкларнинг соғлом бўлиши нафақат оғиз саломатлиги, балки юрак саломатлиги учун ҳам муҳим", – деб таъкидлайди Ҳиросима университети мутахассислари.
Шунинг учун ҳам кундалик ҳаётда тиш ва милкларни мунтазам равишда тозалаш, стоматолог кўригидан ўтиш, оғиз бўшлиғидаги ҳар қандай ўзгаришга жиддий муносабатда бўлиш тавсия қилинади. Бу – нафақат табассумингиз, балки юрагингиз саломатлиги учун ҳам энг муҳим қадамдир.
Эсингизда бўлсин: соғлом тишлар ва милклар – соғлом юрак гаровидир! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар