
Инсон танаси қаришни тахминан 25-28 ёшдан бошлаб бошлайди, деган хулосага келди Россия Федерал тиббий-биологик агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Татьяна Яковлева. Бу ҳақда «РБК» нашри хабар берди.
Яковлеванинг таъкидлашича, замонавий тиббиёт концепцияси эндиликда касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олиш ва соғлиқни самарали бошқаришга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Унинг фикрига кўра, инсон узоқ умр кўриши ва ёшлигини сақлаб қолиши учун нафақат замонавий тиббий технологиялар, балки ҳаёт тарзининг тўғри ташкил қилиниши ҳам жуда муҳим.
Шу муносабат билан у мунтазам тиббий текширувлар, онгли равишда ҳаёт кечириш, соғлом овқатланиш, руҳий соғломликни мустаҳкамлашга қаратилган ментал амалиётлар ва мунтазам жисмоний фаолиятга алоҳида урғу берди.
Ҳозирги кунда корпоратив соғлиқни сақлаш дастурларига қизиқиш кескин ортиб бормоқда. Кўпгина иш берувчилар ўз ходимлари саломатлигини яхшилаш ва уларнинг ҳаётини узайтириш учун турли ташаббусларни қўллаб-қувватлаяпти. Айниқса, иш жойида стрессни бошқариш, жисмоний машқларни доимий тарзда бажариш ва тиббий профилактик чоралар кўриш каби амалиётлар самарадорлигини кўрсатмоқда. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, ҳафтасига камида 150 дақиқа жисмоний машқ билан шуғулланиш ўлим хавфини 30 фоизга қисқартириши мумкин.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош педиатри, геронтология соҳаси бўйича таниқли мутахассис Олга Ткачева ҳам инсоннинг қариш жараёни ҳақида қизиқарли маълумотлар билан бўлишди. Унинг таъкидлашича, инсон қанчалик тез ёки секин қариши ҳали ҳомиладорликни режалаштириш босқичидаёқ белгиланиб қўяди. Чунки бу жараёнда ота-онанинг умумий соғлиғи, онанинг ёши ва ҳомиланинг бачадондаги ривожланиши каби омиллар муҳим роль ўйнайди.
Ткачева инсоннинг умрини узайтириш ва ёшлигини узоқ муддат сақлаб қолиш учун олти муҳим қоидага амал қилиш зарурлигини таъкидлади. Уларнинг орасида соғлом уйқу, мунтазам жисмоний машқлар, овқатланиш тартиби, психоэмоционал соғломликни таъминлаш, фойдали стресс ва сурункали касалликларнинг олдини олиш каби омиллар бор.
Шифокор ҳаётни узайтириш учун овқатланиш ва жисмоний фаолият ўртасидаги мувозанатни сақлаш жуда муҳимлигини алоҳида таъкидлайди. Ҳар куни камида 40 дақиқа югуриш ёки тез юриш каби машқларни бажариш оптимал ҳисобланади. Бундан ташқари, инсоннинг руҳий ҳолати ҳам катта аҳамият касб этади. Психоэмоционал соғломликни мустаҳкамлаш учун иш ва дам олиш вақти ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ижобий кайфиятни сақлаш зарур.
Яна бир муҳим жиҳат бу — фойдали стресс ҳисобланади. Яъни танани ва руҳиятни жонлантирувчи ёқимли ҳаяжонлар ҳаётни узайтириши мумкин. Масалан, севимли машғулотлар билан шуғулланиш, янги таассуротлар олиш инсонни ёшартириб туради.
Ткачева фикрича, соғлом уйқу ҳам инсон организмининг қаришини кечиктиришда муҳим рол ўйнайди. Кунига ўртача 6 дан 8 соатгача бўлган сифатли уйқу инсон танаси ва руҳияти учун зарур бўлиб, узоқ умр кўришга ва қариш жараёнини кечиктиришга ёрдам беради.
Шундай қилиб, инсон танасининг қаришига қарши курашда нафақат тиббиётнинг янги технологиялари, балки ҳаёт тарзининг онгли равишда бошқарилиши ҳам катта аҳамият касб этади. Ушбу тавсияларга амал қилиш орқали узоқ ва бахтли умр кўриш мумкин. Соғлом ва ёш кўринишда қолиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлидадир! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар