
Оғизда тўсатдан пайдо бўлган оғриқли яралар, оқ доғлар ёки шишлар сизни безовта қилаяптими? Бу — стоматит бўлиши мумкин. Аксарият ҳолларда стоматит оддий оғриқ билан бошланади, аммо вақтида даволанмаса, овқатланиш, гапириш ва ҳатто сув ичиш ҳам мушкулга айланиши мумкин. Келинг, стоматитнинг пайдо бўлиш сабаблари ва уни уй шароитида қандай бартараф этиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Стоматит нима ўзи?
Стоматит — бу оғиз шиллиқ қаватининг яллиғланиши бўлиб, у тил, ички лаб, ёноқ ва милкда оқ ёки қизил ярачалар, доғлар, ҳатто қаттиқ шишлар кўринишида намоён бўлади. Оғриқ, ачишиш ва ноқулайлик — асосий белгиларидан.
Пайдо бўлиш сабаблари:
1. Иммунитет пасайиши — тананинг мудофаа тизими заифлашганда оғиздаги бактериялар фаол бўлиб қолади.
2. Тиш гигиенасининг сустлиги — тиш ювмаслик, яроқсиз чўткалар стоматитни чақиради.
3. Стресс ва уйқусизлик — руҳий ҳолат ҳам оғиз саломатлигига таъсир қилади.
4. Витаминлар етишмовчилиги — айниқса, Б12, темир ва фолий кислотаси етишмаганда тез-тез учрайди.
5. Аллергик реакция — тиш пастаси ёки овқатлардаги моддалар ҳам стоматит қўзғатиши мумкин.
6. Вирус ва бактериялар — айниқса, герпес вируси стоматитнинг энг кенг тарқалган сабабларидан.
Уй шароитида даволаш усуллари:
1. Тузли сув билан чайиш:
1 стакан илиқ сувга 1 чой қошиқ туз солиб, оғизни кунига 3-4 марта чайинг. Туз бактерияларни йўқотади ва яллиғланишни камайтиради.
2. Ромашка ва ялпиз дамламаси:
Ромашка яллиғланишга қарши, ялпиз эса тинчлантирувчи хусусиятга эга. Иккаласини аралаштириб дамлаб, чайиш мумкин.
3. Муз парчалари:
Ярани бироз совитиш оғриқни енгиллаштиради.
4. Саримсоқ пастаси:
Майда қилиб эзилган саримсоқ антибактериал хусусиятга эга. Уни бевосита яра устига суртиш мумкин, аммо жуда кўп ишлатишдан сақланинг — куйдириши мумкин!
5. Кукунли сода билан чайиш:
1 чой қошиқ содани илиқ сувга солиб, кунига бир неча бор оғизни чайинг.
6. Асал суртиш:
Асал табиий антисептик восита бўлиб, яра битишини тезлаштиради. Ярага оз миқдорда суртинг.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
- Яра 10 кундан ортиқ вақт давомида битмаса
- Оғизда доимий қонаш, юқори иситма бўлса
- Яра катталашиб бораётган бўлса — дарҳол мутахассисга мурожаат қилинг!
Олдини олиш бўйича маслаҳатлар:
- Ҳар куни тишни тўғри ва икки маҳал ювиш.
- Мева-сабзавот, Б витаминлари ва темирга бой овқатлар истеъмол қилиш.
- Стрессдан узоқроқ юриш, сифатли уйқу.
- Ҳар 6 ойда стоматолог кўригидан ўтиш. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар